17 июл куни Тошкентда қурилиш соҳаси вакиллари иштирокида Тижорат-саноат палатаси ташаббуси билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда қурилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар ва бош режа бўйича ўзгаришлар муҳокама қилинди. Мулоқотда қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров бош режага тузатишлар киритилаётганини ва улар тез орада эълон қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси 2024 йил охирида тасдиқланган эди. Унга кўра, шаҳар ҳудуди консервация, реконструкция ва реновация зоналарига бўлинган. Аммо сўнгги пайтларда айрим лойиҳалар ушбу режада белгиланган бинолар баландлиги талабларини бузмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Азиз Халилов Spot нашрига берган интервюсида айрим участкаларда бузилишлар аниқланганини тасдиқлади. Унга кўра, 5 қаватли биноларга рухсат берилган ҳудудларда аслида 16 қаватли қурилиш амалга оширилиши мумкин. Шу боисдан бош режани қайта кўриб чиқиш зарурияти юзага келган.
Масъуллар сейсмик ҳолат ва илмий экспертизаларни ҳисобга олган ҳолда янги баландлик меъёрлари белгилаш кераклигини таъкидлашмоқда. Бош режа доирасида лойиҳалар фақат илмий текширувдан ўтгандан сўнг ва белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда амалга оширилиши шарт.
Мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари, жумладан иқтисодчи Отабек Бакиров бош режанинг тасдиқланганига ҳали 7 ой ҳам тўлмаган бир пайтда унга ўзгартириш киритилишидан хавотир билдиришмоқда. Улар, қурилиш лоббилари фаоллиги ва халқаро стандартларга зид лойиҳаларнинг илгари сурилиши устидан танқидий фикр билдиришмоқда.