ЯИМ, қарз ва пенсия: Ўзбекистон Қозоғистон иқтисодиётини қачон қувиб етади?

18:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиёдаги етакчи икки мамлакат — Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий рақобат тобора сезиларли тус олмоқда. Қозоғистон аллақачон шаклланган институтлар ва барқарор молия тизимига эга бўлса, Ўзбекистон ҳозирда чуқур ислоҳотлар ва инвестицион кенгайиш босқичини бошдан кечирмоқда.

Uzb kaz

2025 йил ўрталаридаги ҳолатга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиёти ижобий ўсиш кўрсатмоқда. Бироқ, номинал ЯИМ кўрсаткичларидаги фарқ ҳали ҳам катта: 2024 йил якунида Қозоғистон ЯИМи $286 миллиард, Ўзбекистонники эса $115 миллиардни ташкил этди. Бу фарқ аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМда ҳам яққол кўринади — Қозоғистонда $14 300, Ўзбекистонда эса $3 090.

Қозоғистон давлат молиясида консерватив ёндашувни сақлаб қолмоқда. Мамлакат ташқи қарзи ЯИМнинг 11,3%ини ташкил этади ва унинг асосий қисми ички манбалар ҳисобига молиялаштирилмоқда. Бундан ташқари, $60 миллиард активга эга Миллий жамғарма ташқи шоклар таъсирини юмшатишда муҳим рол ўйнайди.

Ўзбекистон эса инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш учун ташқи қарзларга суянади. Мамлакат ташқи қарзи $33,7 миллиардга етиб, ЯИМнинг 35%ини ташкил қилмоқда. Бундай ёндашув модернизацияни тезлаштиради, бироқ иқтисодиётни ташқи молиявий хавфларга нисбатан сезгирроқ қилади.

Қозоғистон молиявий бозорлари ҳамда пенсия жамғармаси орқали иқтисодиётга узоқ муддатли сармоя киритиш имкониятига эга. Биргина пенсия жамғармаси активлари $42,7 миллиардни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда эса пенсия тизими тақсимлаш асосида ишлайди, бу эса ички инвестиция манбалари шаклланишига тўсқинлик қилади.

Солоунинг иқтисодий ўсиш моделига кўра, Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларда сармоянинг чегаравий самарадорлиги юқори бўлади. Бу эса ҳар бир қўшимча инвестиция натижасида иқтисодий ўсишнинг тезроқ юзага чиқишига олиб келади.

Назарий ҳисоб-китоб шуни кўрсатадики, агар Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 9 фоизга, Қозоғистон иқтисодиёти эса 4 фоизга барқарор ўсиб борса, тахминан 23 йилдан сўнг, яъни 2040 йилларнинг ўрталарига келиб, икки мамлакат ялпи ички маҳсулоти тенглашиши мумкин. Бу эса ўз навбатида ислоҳотларнинг чуқурлашуви, ҳуқуқ устуворлиги ва давлат бошқарувида самарадорликни талаб этади.

Ўзбекистоннинг асосий стратегик устунлиги демография бўлиб қолмоқда. Ёшлар улушининг юқорилиги ва меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг ўсиши «демографик дивиденд» учун имконият яратади. Бироқ айнан шу омил жиддий муаммони ҳам келтириб чиқармоқда: ҳар йили юз минглаб ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда ва улар учун сифатли иш ўринларини яратиш ҳукуматнинг энг муҳим вазифасига айланмоқда. Меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига юқори даражада боғлиқлик ҳам сақланиб қолмоқда. 2024 йилда бу ўтказмалар ялпи ички маҳсулотнинг 14 фоизини ташкил этди. Бу эса иқтисодиётни Россиядаги вазиятга нисбатан заиф қилмоқда.

Қозоғистон, ўз навбатида, аҳоли ўсиши суръатининг Қозоғистон эса аҳоли ўсиш суръатининг секинлашуви муаммосига дуч келмоқда. Бу эса мамлакатни узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлаш учун меҳнат самарадорлиги ва ишчи кучининг техника билан жиҳозланганлик даражасини оширишга эътибор қаратишга мажбур қилмоқда. Ҳар икки давлат – Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам – инсон капиталига, яъни таълим ва илм-фанга жиддий инвестиция киритишлари керак, чунки глобал таълим сифати рейтингларида улар ҳали етакчи ўринларни эгалламаган.