18 июл куни Президентнинг ПФ–43-сонли фармойиши билан давлат олий таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича 2025/2026 ва кейинги уч ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, 2025/2026 ўқув йилида кундузги бакалавриат таълим шакли бўйича 35 500 нафар абитуриент давлат гранти асосида қабул қилинади. Келгуси йилларда бу рақам босқичма-босқич кўпайиб, 2028/2029 ўқув йилида 36 761 нафарга етказилади.
Магистратура босқичида эса 2025/2026 ўқув йилида 9 922 нафар талаба давлат гранти асосида таҳсил олади. Бу кўрсаткич ҳам босқичма-босқич ошиб, 2028/2029 ўқув йилида 10 784 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги давлат комиссиясига бир қатор таклифларни киритади. Жумладан, хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига ажратилган 1 320 та грант, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та грант ҳамда хотин-қизлар учун ажратилган 4 000 та грантнинг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти белгиланади.
Бу қарор таълим имкониятларини кенгайтириш ва соҳага давлат қўллаб-қувватлашини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.