Экология вазирлиги Мурод Назаровга нисбатан текширув ўтказишни таклиф қилди

19.07.2025 21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Девелопер Мурод Назаровнинг дарахт кесишга жорий этилган мораторийини бекор қилиш ҳақидаги таклифи Экология вазирлиги томонидан кескин танқид қилинди.

Murod nazarov3Фото: kun.uz

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тадбиркор Мурод Назаровнинг яшил ҳудудлар кесилиши бўйича мораторийни бекор қилиш таклифига муносабат билдирди. Вазирлик мазкур таклифни рад этди ва Назаровнинг дарахт кесишга доир ёндашувлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув ўтказилишини тавсия қилди.

Мурод Назаров 17 июл куни қурилишчилар билан очиқ мулоқотда мораторий ўрнига «дарахт банклари» тизимини жорий этишни таклиф қилган эди. Унинг фикрича, қурилишчилар кесилган дарахтлар ўрнига янгисини экиб, уларни ҳокимият балансига ўтказишлари мумкин. Унинг таъкидлашича, мораторий жорий этилган шароитда «барибир дарахтлар кесиляпти».

Экология вазирлиги бундай ёндашувда бир қатор хавфлар борлигини таъкидлади — улар қаторида коррупция, яширин кесиш ва экологик оқибатлар бор. Вазирлик Европа агентлиги маълумотларига таяниб, катта дарахт йилига 21 кг СО₂ ютиб олишини, унинг ўрнини қоплаш учун ўнлаб йиллар кераклигини қайд этди.

Вазирлик Халқаро тажрибаларга ҳам мурожаат қилди. Германия, Британия, Россия ва Қозоғистонда ноқонуний кесиш учун катта жарималар ёки қамоқ жазолари белгиланган. Ўзбекистонда эса фуқаролар учун жарима 25−50 БҲМни ташкил этади, маъмурий қамоқ эса фақат такроран қоидабузарлик учун берилади.

Шу сабабли, вазирлик иқлим ўзгариши шароитида мораторийни кучайтиришни жуда муҳим деб ҳисоблайди. Улар Президент қарорига асосан янги бинолар атрофини камида 25 фоиз кўкаламзор қилиш мажбурийлигини эслатди. Назаровнинг «ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш» ҳақидаги баёноти эса алоҳида эътиборга олиниб, унинг фаолиятини чуқур текшириш зарурлиги таъкидланди.