The Times газетаси Украина махсус хизматларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Иван Воронич — СБУнинг полковниги, махсус операциялар бўйича тажрибали офицер бўлиб, Россия учун жуда жиддий нишонга айланган. У 2022 йили «Шимолий оқим» газ қувуридаги портлашда иштирок этган шахслардан бири сифатида тилга олинмоқда. Бундан ташқари, у 2015 йили Луҳанскдаги «Призрак» гуруҳи раҳбари Алексей Мозговойни йўқ қилиш амалиёти ташаббускорларидан бири бўлган.
Маълумотларга кўра, Воронич СБУнинг элита бўлими — «Алфа» гуруҳи аъзоси бўлиб, бир неча марта Россия ҳудудига — хусусан, Курск областининг чегара ортидаги ҳудудларига сўроқ ва диверсия операциялари учун кирган. Шунингдек, у денгиздаги дронлар орқали Қора денгизнинг Россия флотига қарши ҳужумларда ҳам қатнашган.
Washington Post хабарига кўра, Воронич СБУ полковниги Роман Червинскийга қарашли бўлинмада унинг ўринбосари бўлган. Червинский эса «Шимолий оқим» қувурини портлатиш операциясининг асосий координатори сифатида тилга олинади.
Украина генерали Виктор Ягун Воронич ўлимига жавоб кутилмоқда, дея баёнот берган. Унга кўра, Украина махсус хизматлари Россиядаги айрим офицерларни йўқ қилиш амалиётларини давом эттирмоқда, аммо Воронич ўлими учун алоҳида жавоб бўлади — «бу «Паутина» операцияси каби даражада бўлади», деди Ягун.
Собиқ СБУ агенти Иван Ступак эса махсус хизматлар ўртасидаги бу «разведка уруши» жуда узоқ давом этишини айтди. Унинг таъкидлашича, Украина ва Россия агентлари келажакда ҳам дунё бўйлаб — ҳатто Африка ва Таиландда ҳам бир-бирларини нишонга олишда давом этадилар.
Аввалроқ Киевда Иван Воронични ўлдиришда гумонланаётган — миллати озарбойжон бўлган Нармин Гулиева ва Ҳақали Гулизода қўлга олиш чоғида отиб ташлангани маълум қилинган эди.