Ўзбекистонда 2028-29 ўқув йилигача бакалавр ва магистрлик грантлари сони оширилди

19.07.2025 20:48 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2025–29 йилларда олий таълим муассасаларига давлат грантлари бўйича қабул параметрларини тасдиқлади. Келгуси ўқув йилларида бакалавриат ва магистратура учун ажратиладиган грант ўринлари йил сайин кўпайиши кўзда тутилган.

Grant

18 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025–2026 ўқув йили ҳамда кейинги уч йил учун олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида қабул қилиш параметрлари тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий ахборот канали маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2025–2026 ўқув йилида бакалавриат учун 35 500 та, магистратура учун эса 9 922 та грант ўрни ажратилади. Бу миқдор кейинги йилларда босқичма-босқич оширилиши режалаштирилган. Масалан, 2028–2029 ўқув йилига келиб бакалавриатдаги грант ўринлари 36 761 тага, магистратурада эса 10 784 тага етади.

Таълим соҳасидаги янгиликлар фонида, олий таълим вазирлигига қабул йўналишлари бўйича тақсимот таклифларини тайёрлаш топширилди. Хусусан, 4000 та грант хотин-қизлар учун, 1320 та грант хусусий ва халқаро ОТМлар учун, 30 та грант эса хорижда яшовчи ёш ватандошлар учун ажратилади.

Май ойида Президент қабул қилган фармонга кўра, 2025–26 ўқув йилдан бошлаб сиртқи таълимга қабул тўхтатилади. Унинг ўрнида кечки ва масофавий таълим шакллари кенгайтирилади, лекин улар умумий қабул натижасининг 50 фоизидан ошмаслиги шарт қилиб белгиланган.

Шунингдек, Президент Администрацияси ҳузурида Миллий таълим сифати агентлиги ташкил этилди. У ташкилот барча таълим босқичларида ташқи назорат ва аккредитация жараёнларини амалга оширади.