Ўзбекистонда Россиялик 99 бола учун таътил лагери бошланди

11:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Белгород ва Брянск областларидан 99 нафар россиялик бола Тошкент вилоятида жойлашган «Анор» болалар оромгоҳида икки ҳафтаник таътилни ўтказиш учун Ўзбекистонга етиб келди. Улар учун маданий ва соғломлаштириш дастурлари тайёрланган.

Rossiyalik bolalar

18 июл куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилишича, мамлакатга дам олиш учун 99 нафар бола келган. Улар Россиянинг Белгород ва Брянск областларидан бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг таклифига биноан «Анор» болалар оромгоҳида соғломлаштириш таътилида қатнашмоқда.

Меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида Россиянинг Ўзбекистондаги ишлар бўйича вақтинча ишончли вакили Андрей Ланчиков, касаба уюшмалари раҳбарлари ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари кутиб олишди.

«Ўзбекистонга етиб келган болаларни мазали ва тўйимли нонушта билан сийладилар ҳамда совғалар топширилди. Эртага эса улар учун лагерда тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади», дейилади манба хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июн ойида ҳам «Анор» оромгоҳида 100 нафарга яқин украиналик бола дам олган эди. Уларнинг таътили доирасида маҳорат дарслари, экскурсиялар ва интеллектуал ўйинлар ўтказилган.

Россия элчихонаси мазкур ташаббус учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдириб, бундай ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги яқин муносабатларни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.