Россия расмийлари WhatsApp’ни блоклашга тайёргарлик кўришни таклиф қилмоқда

08:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Давлат Думаси депутати Антон Горелкин WhatsApp мессенжери яқин орада мамлакатда тақиқланиши мумкинлигини маълум қилди. Бу орқали ҳукумат миллий мессенжер MAX’ни оммалаштиришни мақсад қилмоқда.

Whatsapp

Россия Давлат Думасининг ахборот технологиялари қўмитаси раиси ўринбосари Антон Горелкин WhatsApp мессенжери мамлакатда фаолияти тўхтатилиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Meta компаниясига тегишли ушбу дастур, эҳтимол, Россия ҳукумати томонидан «нодўстона мамлакатлар»нинг программалари рўйхатига киритилади. Мазкур рўйхатни Россия президенти Владимир Путиннинг топшириғига биноан 1 сентябргача ҳукумат тайёрлаши лозим.

Горелкин келтирган статистикага кўра, WhatsApp’дан ҳар куни россияликларнинг 68 фоизи фойдаланади. Шу билан бирга, Telegram мессенжери 55 фоиз фаолликка эга. Депутатнинг таъкидлашича, Telegramнинг асосий офиси «дўстона мамлакат» саналадиган БААда жойлашгани ва россиялик расмийларнинг талабларини бажаришга тайёрлиги сабабли у тақиқланмайди. Унинг фикрича, WhatsApp ўрнини Россияда махсус ишлаб чиқилган миллий мессенжер эгаллайди.

2025 йил июнида Владимир Путин миллий мессенжер яратиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Унга кўра, MAX номли мессенжер «Госуслуги» билан интеграция қилинган бўлиб, шахсни тасдиқлаш, рақамли идентификация, электрон имзо ва ижтимоий имтиёзларни аниқлаш имкониятини беради.

Бироқ, бу тизим юритилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар томонидан танқид қилинмоқда. «Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» раҳбари Михаил Климаревнинг таъкидлашича, MAX платформаси давлат томонидан кузатув воситасига айланади. У платформанинг махфийлик сиёсатида фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотлар давлат органларига берилиши кўзда тутилганини қайд этди.

Mediascope тадқиқот компанияси маълумотига кўра, 2025 йил апрелида WhatsApp мессенжери Россиядаги 12 ёшдан катта аҳолининг 79,2 фоизига, яъни тахминан 97,4 миллион кишига етиб борган. Telegram ва «ВКонтакте» эса мос равишда 90,5 ва 93,8 миллион ойлик аудиторияга эга.