19 июл куни Ўзбекистондаги текстил саноати вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда кластерларнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги масаласи муҳокама қилинди. Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев бу муаммони алоҳида таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, айни вақтда текстил кластерларининг фақат давлат ва банклар эмас, балки фермерлар олдида ҳам катта миқдорда қарздорлиги мавжуд. ДСҚ раиси бундай ҳолат фермерларнинг солиқларни тўлаш, ходимларга маош бериш ва кредитларни қайтаришда жиддий муаммоларга дучор қилаётганини билдирди.
Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳам мазкур қарздорликни тасдиқлади. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг аниқлаштирувчи саволига жавобан, Қудбиев кластерлар ҳали ҳам қарздорлигини тан олди.
Мазкур муаммонинг илдизлари ўтган йилга бориб тақалади. 2023 йил август ойида Президент томонидан ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилинишича, текстил кластерлари 6 трлн сўм зарар кўрган. Бу асосан ички бозордаги пахта нархининг жаҳон нархидан икки баробар юқори бўлгани билан боғлиқ.
Шунинг натижасида кластерлар юқори нархда пахта харид қилган, аммо маҳсулотни ички бозорда арзонроқ сотишга мажбур бўлган. Бу эса молиявий барқарорликнинг издан чиқиши ва фермерлар билан ҳисоб-китобларни кечиктиришга олиб келган.