Янги ҳафтада жазирамали кунлар сақланиб туради

22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Келгуси ҳафта Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво асосан кам булутли ва қуруқ келиши кутилмоқда. Бир қатор вилоятларда ҳарорат +45 даражагача, шамол тезлиги эса сониясига 18 метргача етиши мумкин.

Jazirama1

UzHydroMet маълумотларига кўра, 21–24 июл кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳарорат +40 даражагача кўтарилиши мумкин. Шамолнинг кучайиши фонида айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам шунга ўхшаш об-ҳаво шароити сақланиб қолади. Кечалари +24…+29 даражагача, кундузи эса +38…+43 даражагача иссиқ бўлади. Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкентда 21–22 июл кунлари ҳарорат +38…+43 даражагача кўтарилиши, 23–24 июл кунлари эса +36…+41 даража атрофида бўлиши айтилмоқда.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида об-ҳаво янада иссиқ кечиши мумкин. 21–22 июл кунлари ҳарорат +40…+45 даражагача етиши мумкин, кейинги икки кунда бу кўрсаткич бироз пасайиб, +38…+43 даража атрофида бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғонада ҳам ҳаво бироз булутли, лекин ёмғирсиз ва иссиқ бўлади. Ҳарорат +35…+40 даражагача етиши мумкин. Шамол тезлиги 5–10 м/с атрофида бўлиши кутилмоқда.

Республика тоғли ҳудудларида кундузи ҳарорат +30…+35 даража атрофида бўлиши, кейинчалик +27…+32 даражагача пасайиши кутилмоқда. Кечалари +19…+24 даражагача салқинроқ бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги сониясига 18 метргача кучайиши эҳтимоли бор.