2025 йил 18 июл куни Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги 18-санкциялар пакетини расман қабул қилди. Ушбу чекловлар Украинадаги уруш давомида Россиянинг энергетика, банк ва ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришга қаратилган.
Янги санкциялар доирасида Россиянинг яна 22 та банкига, жумладан, «Яндекс-банк», Т-банк, «Санкт-Петербург» банки, Ozon банк ва «Сургутнефтегазбанк»ка транзакциялар ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, Россиянинг суверен инвестиция фонди — РФПИ билан ҳар қандай операцияларни амалга ошириш тақиқланди.
Европа Иттифоқи Россия нефтига қўйилган нарх чегарасини 60 доллардан 47,6 долларга туширди ҳамда «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурлари билан боғлиқ ҳар қандай транзакцияларни тақиқлади. Шунингдек, 105 та Россия танкерларига Европа портларига кириш ва хизмат кўрсатиш ман этилди.
Шахсий санкциялар рўйхатига таниқли рус режиссёри ва «Мосфильм» раҳбари Карен Шахназаров, Қрим федерал университети ректори Владимир Курьянов ва бошқа 14 нафар фуқаро киритилди. Уларнинг орасида Хитой, Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари ҳам бор.
Санкциялар рўйхатида шунингдек Россиянинг 23 та компанияси, шу жумладан, Коминтерн номидаги завод, Смоленскдаги телекомуникация НИИ ва Подмосковьедаги махсус жиҳозлар заводи ҳам бор. Хитой, Ҳиндистон, Сингапур, Озарбойжон ва БААдан бир неча хорижий компаниялар ҳам чекловларга учради.
Санкциялар қабул қилиниши сўнгги ойларда Словакиянинг энергия таъминоти бўйича кафолатларга оид қаршилиги туфайли кечиктирилган эди. Аммо Европа Иттифоқи ички келишувга эришди ва чекловлар кучга кирди. Иттифоқ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Кая Калласга кўра, ушбу чекловлар Россиянинг муҳим иқтисодий тармоқларига жиддий таъсир кўрсатади.