АҚШда мигрантлар учун вақтинча чодир шаҳарчалар қурилади

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШда ноқонуний муҳожирларни вақтинча сақлаш учун чодир шаҳарчалар қурилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали уларни депортация қилиш жараёнини жадаллаштириш кўзда тутилган.

Migrants

The Wall Street Journal’нинг ёзишича, АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) томонидан тайёрланган ички ҳужжатларда чодир шаҳарчалар қурилиши устувор вазифа сифатида белгиланган. Мазкур ёндашув муҳожирларни сақлаш имкониятларини кенгайтириш ва мавжуд қамоқхоналар етишмаслигини бартараф этишга қаратилган.

Президент Дональд Трамп маъмурияти 2025 йил охиригача 100 минггача муҳожир учун жой тайёрлашни мақсад қилган. Июль ойи бошида Конгресс ICE фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 2029 йилгача мўлжалланган 74 миллиард доллар маблағ ажратган.

Ички ҳужжатларда қайд этилишича, биринчи лойиҳа Техасдаги Форт Блисс ҳарбий базасида амалга оширилади. Бу ерда 5 минг кишилик чодир шаҳар қурилиши режалаштирилган бўлиб, уни август ойига қадар фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Шунингдек, Колорадо штатидаги Хадсон ахлоқ тузатиш муассасасида, Индианадаги Аттербери ҳарбий базасида ва Нью-Жерсидаги МакГуайр-Дикс-Лейкҳерст қўшма базасида қўшимча сақлаш жойлари ташкил этилади.
ICE ҳозирда 9 мингдан зиёд муҳожирни жойлаштириш имконини берадиган тўққизта янги лойиҳа устида ишламоқда. Амалдорларнинг таъкидлашича, бутун мамлакат бўйлаб жой излаш ўрнига, бир неча йирик лойиҳалар орқали марказлашган тарзда муҳожирларни сақлаш самаралироқ бўлади.

Доналд Трамп 2025 йил бошидан ноқонуний миграцияга қарши кенг қамровли курашни бошлаган. Расмий маълумотларга кўра, йилнинг илк ярмида 1 миллионга яқин муҳожир АҚШни тарк этган.