«Crocus City Hall» иши бўйича террорчиликда айбланган 19 киши устидан суд бошланмоқда

11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Москва яқинидаги «Crocus City Hall» концерт залида амалга оширилган террорчилик ҳужуми бўйича жиноят иши юзасидан суд жараёни келаётган ҳафтада бошланади. Тергов ҳужжатларига кўра, ҳужумда бевосита иштирок этган 4 нафар ва уларга кўмаклашган 15 нафар шахс айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилмоқда.

Crocus city hall

Жиноят иши бўйича илк муҳокама 21 июл куни Москвадаги 2-Ғарбий ҳарбий округ судида ўтказилиши белгиланган. Терговчилар асосий айбланганлар — Шамсиддин Фаридуний, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакрами Ражабализодани террорчиликни амалга оширганлар сифатида кўрсатмоқда. Уларнинг кўмакчилари — кимдир уй ижарага олган, кимдир пул ўтказган, яна кимдир қурол сақлаган.

Расмий маълумотларга кўра, террорчилик ҳужуми «Вилояти Хуросон» номли халқаро жангарилар гуруҳи томонидан амалга оширилган. Бу тузилма ИШИД таркибидаги тармоқлардан бири сифатида таърифланади. Гуруҳнинг баъзи етакчилари «Сайфулло», «Талҳа», «Абу Мунзир» ва бошқа тахаллуслар остида ҳаракат қилган, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари экани айтилмоқда.

2023 йил 1 ноябрдан бошлаб Россия ҳудудида ушбу гуруҳнинг камида 3та яширин ҳужраси ташкил этилгани, улар орқали Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ёллангани маълум қилинган. Ёллаш ишлари асосан Telegram’даги «Голос Хорасана», «Абу Муҳаммад Мадаше» каби каналлар орқали амалга оширилган.

Терговнинг таъкидлашича, Кавказдан келган айрим шахслар ҳам ушбу ҳужумда иштирок этган. Улар террорчиларни қурол ва аслаҳа билан таъминлашда кўмаклашган. Террористлар қўлида 5 та автомат, 2 та пистолет, тахминан 2 минг дона ўқ-дорилар, қўлбола усулда тайёрланган портловчи қурилма ва ярим килодан ортиқ «коллоксилин» моддаси бўлгани маълум қилинди.

Айни пайтда, Россия томони Украина махсус хизматларини ушбу террорчилик ҳужумида айбламоқда, бироқ бу даъволар асосан шубҳали маълумотлар ва шубҳали тергов баёнотларига таянган. Ҳолбуки, кўплаб материалларда ушбу айбловлар асосланмаган, деб кўрсатилади.