7 ойда ўзгаришларга дучор бўлаётган Тошкент бош режаси: у жиддий ҳужжатми ўзи?

19:40 | 13 дақиқада ўқилади.

Бир неча йиллик муҳокамалар сўнг тасдиқланган бош режага нега бор-йўғи 7 ойда ўзгариш киритиш таклиф қилинмоқда. Бундан нима манфаат кўзланган? Саволлар кўп, масьуллар эса сукут сақлашмоқда.

Tashkent genplan

Сўнгги ўн йилликда Тошкентда аҳоли сони кескин ўсиб, шаҳар меъёридан тезроқ кенгаймоқда. Расмий маълумотларга кўра, пойтахтда доимий рўйхатда турганлар сони 3,2 миллионга яқинлашган бўлса-да, тахминларга кўра ҳақиқий аҳоли сони аллақачон 5 миллиондан ошиб кетган. Бу эса шаҳар инфратузилмасининг қаттиқ зўриқишига, жамоат транспорти, соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой таъминотида муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Пойтахтда автомобиллар сони кескин ошган, кўчалардаги тирбандлик кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Шу билан бирга шаҳар ҳавоси йил сайин кўпроқ ифлосланиб, ҳаво ҳарорати ҳам охирги 10 йил ичида бир даражага кўтарилган. Жой танқислиги, уй-жойга бўлган талаб ва назоратсизлик ортидан ўзбошимча қурилишлар кўпайган, архитектура меъёрлари, тарихий муҳит ва яшаш сифати таҳдид остида қолмоқда.

 

«Бош режа» нимага керак?

Мана шундай шароитда «бош режа» тушунчаси кенг жамоатчилик учун ҳаётий аҳамият касб эта бошлади. У – шунчаки харитадаги лойиҳа эмас, балки шаҳарнинг 20–30 йиллик ривожланиш стратегияси, функционал ва экологик тартибни белгилаб берадиган ҳужжатдир. Бош режа орқали шаҳарнинг қанчалик кенгая олиши, қаерда яшаш, қаерда ишлаш, дам олиш ва ҳаракатланиш мумкинлиги ҳуқуқий ва меъморий жиҳатдан белгилаб қўйилади.

Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси айнан шу масалаларга ечим топади, деб турилган бир вақтда, унинг атрофидаги муаммолар пойтахт шаҳарнинг келажагини шубҳа остига қуймоқда.

 

Узоқ кутилган бош режа

Тошкентнинг янги бош режасини ишлаб чиқиш масаласи 10 йилдан ортиқ вақт давомида муҳокамаларга сабаб бўлган. 2018 йил август ойида президент танқидидан сўнг, шаҳар ҳокимига ўша йилнинг 1 октябрига қадар бош режа концепциясининг лойиҳаси ҳамда бош режанинг ўзини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танлов ўтказиш топширилган. Ўша пайтдаги ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса 2019 йил апрел ойига қадар бош режа концепциясини 3D форматда тайёрланиши ҳақида маълум қилган.

Лекин лойиҳа белгиланган муддатларда эмас, кечикиб 2022 йил октябрда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинганди. Уни тасдиқлаш жараёнига эса икки йилдан ортиқ вақт кетди.

Шунингдек, режанинг интерактив харитаси 2025 йил 26 май куни Қурилиш вазирлигининг расмий сайтида жойлаштирилган.
Бош режага кўра, пойтахт ҳудуди уч асосий зонага ажратилган: консервация, реконструкция ва реновация.

  • Консервация зоналарида яшил ҳудудлар, тарихий объектлар ва санитар ҳимоя майдонлари сақланиб қолади, янги бино қурилиши тақиқланади.
  • Реконструкция зоналарида мавжуд инфратузилмаларни яхшилаш, жамоат жойларини ободонлаштириш ва дизайнерлик ечимларини жорий этиш кўзда тутилган.
  • Реновация зоналарида эса техник ва санитар жиҳатдан эскирган бинолар бузилиб, улар ўрнида янги иншоотлар қурилади. Шунингдек, бўш ер майдонлари ва саноат ҳудудлари ҳам қайта шакллантирилади.

Режада «15 дақиқалик шаҳар», яъни фуқаро турмуши учун зарур барча объектларга пиёда узоғи билан 15 дақиқада етиб бориш мумкин бўлган тизим тамойили ҳам акс этган. Шунингдек, Тошкент вилоятининг айрим туманлари билан ягона агломерация асосида ривожланиш концепцияси ҳам киритилган.

 

Интерактив харита бор, лекин ишламаяпти

Охирги вақтларда тақдим этилаётган йирик қурилиш лойиҳаларида, айниқса, «Ташкент Invest» компаниясининг Бешёғоч кўчасидаги 10,6 гектарли ерда 30 қаватгача бино қуриш режаси бош режа талабларига зид ҳисобланади. Чунки бош режа бўйича мазкур ҳудудда 9 қаватдан юқори иншоотларга йўл қўйилмаслиги керак. Қолаверса, Қурилиш вазирлигининг ўзи ҳам шу жойда 9 қаватдан баланд бўлган бинолар қурилишига қарши чиққан эди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Азиз Халилов бир интервюсида: «Ҳозир Тошкент бош режасига ўзгартишлар киритиш бўйича таҳлил олиб борилмоқда. Амалдаги ҳужжатда айрим ҳудудлар учун биноларнинг рухсат этилган кўп қаватлилиги эски ҳисоблар асосида кўрсатилган. Масалан, бош режада 5 қаватли деб кўрсатилган бўлса-да, амалда бу ҳудудларда 16 қаватгача қуриш мумкин», — деган эди.

Жамоатчилик фаоли Никита Макаренко ўз телеграм каналида Халиловни танқид қилиб: «Тошкентда бош режада кўрсатилган кўпқаватлиликка зид равишда баланд бинолар қуриш ҳолатлари давом этмоқда.

Қурилиш вазирлиги бўлим бошлиғи Азиз Халиловга кўра, бош режа ҳатто муҳим ҳужжат эмас — ҳар бир ҳолат бўйича «эксперт хулосалари» асосида қаватбошлик ўзгариши мумкин.

Унда нега бош режа керак? Бу ҳужжат кун сайин қоғоздаги расмий формаллик — яъни фикция сифатида кўринаётгани аёнлашмоқда» – деган эди.

Вазирлик бунга жавобан, Халилов айтган гаплар Тошкент шаҳар бош режаси билан боғлиқ масала Эффект Макаренко телеграм каналида эълон қилинган постга мос келмаслигини, вазирлик мутахассиси ҳар қандай қурилиш ишларига бош режадан чиқмаган ҳолда рухсат берилишини таъкидлаб, унда ернинг сейсмологик ва зилзилабардошлилик жиҳати алоҳида эътиборга олинганини қайд этган. Шунингдек, журналист томонидан берилган саволга жавобан бош режа такомиллашиб борилишини билдирган.

Бундай ҳолатларда табиий савол туғилади: агар бош режага амал қилинмас экан, уни қабул қилишдан мақсад нима эди? Мазкур зиддиятли вазият нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам эътирозларга сабаб бўлмоқда.

 

Бош режанинг муддати 7 ойми?

Қизиғи шундаки, 2025 йил 17 июл куни Савдо саноат палатаси ташаббуси билан қурилиш соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда тадбиркор Мурод Назаров бош режа янгидан кўриб чиқилаётганини ва унга яқин орада тузатишлар киритилиши мумкинлигини маълум қилди.

7 йил деганда тасдиқланган бош режага 7 ой бўлмасдан ўзгартириш киритиш нега керак бўлиб қолди? Айтиш жоизки, мазкур масала юзасидан Қурилиш вазирлигидан изоҳ сўралди, бироқ вазирлик бу борада ҳеч қандай расмий муносабат билдирмади.

 

Мутахассислар хавотирда

Урбанист Искандар Солиев бош режадаги асосий камчиликлардан бири менежмент яхши юритилмаганлиги, шунингдек режани ишлаб чиқаётганда тадбиркорлар ва кўплаб бошқа соҳа мутахассислари билан ҳам маслаҳатлашиш керак эди, деган фикр билдирди.

«Сайтда эълон қилинган пландаги зоналарга ажратиш пухта қилинмаган ва камчиликлари жуда кўп эди. Қаватларнинг ҳудудга нисбатан қўйилган чегараси ва зона категориясида менимча каттароқ таҳлил орқали қайта кўриб чиқиш керак»— дейди Солиев.

Шунингдек, у ҳозир шаҳарсозлик бўйича мутахассисларнинг камлиги, архитектура бўйича ўқиётганлар ҳам бошқа йўналишларни танлаб кетаётганлигини танқид қилиб, жамоатчилик назорати учун соҳа вакилларининг ўрни алоҳида аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Яъни, нотўғри, шаҳар учун ноэкологик, ноинсоний лойиҳаларни тўхтатиб қолишда уларнинг иштироки муҳим.

Бир сўз билан айтганда, Тошкентга кимларниндир манфаатини кўзлаб ўзгартирилмайдиган, қоидалар ва тамойиллар аниқ белгилаб қўйилган барча учун тушунарли бўлган бош режа керак. Пойтахт ҳокимлиги ва қурилиш соҳаси мутасаддилари қачон шундай якуний бош режани тақдим этишади?

Рухсора Жовлиева.