Жаҳон банки томонидан эълон қилинган Global Findex 2025 ҳисоботида қайд этилишича, сўнгги етти йил ичида Ўзбекистонда аёлларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш даражаси кескин ошган. Агар 2017 йилда мамлакатда аёлларнинг фақат 28 фоизида банк ҳисобварағи бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 50 фоизга етган.
Аҳолининг умумий молиявий хизматлардан фойдаланиш даражаси ҳам 2017 йилдаги 34 фоиздан 2024 йилда 56 фоизгача кўтарилган.
Ҳисоботда айниқса мобил молиявий платформаларнинг оммалашуви алоҳида таъкидланган. Агар 2017 йилда мобил ҳамёнлардан фойдаланувчилар 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 24 фоизга етган. Мобил сервислар айниқса анъанавий банк тизими заиф бўлган қишлоқ ҳудудларда кенг қўлланилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, 2024 йил давомида катталарнинг 34 фоизи рақамли тўловларни амалга оширган. Бу рақамлар мамлакатда рақамли молиявий хизматларга бўлган талаб ошиб бораётганини кўрсатади.
Global Findex маълумотлари Жаҳон банки томонидан 2011 йилдан бери 120 дан зиёд мамлакатда ўтказилаётган тадқиқотлар асосида тузилади. 2025 йилги ҳисобот 2024 йилда ўтказилган сўровларга асосланган.