Албанияда табиий водородли улкан ер ости энергия манбаи аниқланди

18:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Халқаро геологлар жамоаси Албаниядаги хром конларидан бирида катта миқдорда табиий водород манбаини топди. Бунда ер остидаги жараёнлар орқали йилига 200 тоннадан ортиқ водород ажралиб чиқаётгани аниқланган.

Albania vodorod

Бу ҳолат, нашрларга кўра, сайёра тарихида қайд этилган энг йирик табиий водород манбаи ҳисобланади. Энг муҳими, илк бор геологик ёриқлар тубидаги водород хазиналари нафақат мавжудлиги, балки уларга тўғридан тўғри эга бўлиш ва саноатда эҳтимолий фойдаланиш имконияти илмий асосда исботланди.

Водородга узоқ йиллардан бери «келажак ёқилғиcи» сифатида қаралади, аммо уни ишлаб чиқариш жараёни қимматга тушади, кўп энергия талаб қилади ва атмосферага углерод чиқарилишига олиб келади. Аммо Албаниядаги табиий водород манбаи алоҳида аҳамиятга эга: у юқори концентрацияда тайёр ҳолда учради ва ундан фойдаланиш учун электролиз ёки метан ёқилиши талаб қилинмайди.

Шу билан бирга, мутахассислар ҳушёрликка чақирмоқда. Чунки геологик водород қисқа муддатда қайта тикланмайдиган ресурс ҳисобланади — унинг табиий йиғилиши учун миллионлаб йиллар талаб этилади. Бундан ташқари, бу ер ости майдонларида водородни энергия сифатида истеъмол қилувчи ноёб биологик турлар мавжуд бўлиши мумкин. Бу эса табиий экотизимнинг бузилиши хавфини келтириб чиқаради.

Ҳозирча аниқланган йиллик 200 тонна миқдордаги водород жаҳон саноати томонидан ҳар йили ишлаб чиқариладиган 100 млн тонна билан солиштирганда оз кўриниши мумкин. Аммо олимлар фикрича, буларнинг асосий аҳамияти — геологик моделлаштириш ва хариталаш орқали ер ости водород захираларини излаб топишнинг янги усули ишлаб чиқилганидадир. Бу эса келажакда янада катта табиий манбаларни аниқлаш имкониятини очиши мумкин.