Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғни қайта тиклаш борасида Ўзбекистоннинг кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик изҳор қилди. Бу ҳақда у Ханкенди шаҳрида ўтказилган медиа-форум чоғида ўзбекистонлик журналист Шерзодхон Қудратхўжанинг саволига жавобан билдирган.
Алиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон тиклаш ишларини амалий ҳаракатлар билан бошлаган биринчи давлат ҳисобланади. У буни «эҳсони аввал бўлган, қадри баланд» деб баҳолади. Президент ўз нутқида Ўзбекистон билан стратегик муносабатларни алоҳида қайд этиб, ҳамкорлик ривожланишидан мамнунлигини билдирди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳукумати Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги Физули шаҳрида мактаб биноси қуриб берган. Мазкур объект Озарбойжонда қайта қуриш жараёнининг муҳим рамзларидан бири сифатида қаралади.
Илҳом Алиев айни пайтда бутун Қорабоғ ҳудудида кенг кўламли тиклаш ишлари олиб борилаётганини, бу жараёнда халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ана шу ҳамкорлар орасида Ўзбекистоннинг иштироки алоҳида эътирофга лойиқ.