Боғчалардаги зўравонлик оналарни ўз фарзандларини боғчага беришдан чўчитмоқда

18:00 | 19 дақиқада ўқилади.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва хабарлар сабабли кўплаб ота-оналар боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик, тарбиячиларнинг эътиборсизлиги ва сифатсиз шароитлардан хавотирга тушмоқда.

Bogcha1

Vaqt.uz журналисти мазкур вазият юзасидан боғча тарбиячилари, оналар ва психологнинг фикрига қизиқди. Хўш, пайдо бўлган носоғлом вазиятнинг илдизи қаерда?

«Ҳозирги воқеалардан кейин умуман бергим келмай қолди. Бунақа нарсалар доим бўлган, мен ўзимдан эсласам роса бўлган ўзимда. Боғча опам пичоқни кўрсатиб, ҳозир кўзингни ўяман деган», — дейди ёш оналардан бири Шаҳризода.

«Мен боғчага бормасдан улғайганларданман, боғчага борганларга ҳавас қилганим учунми қизимни доим боғчага бериш учун ҳаракат қилганман. Лекин бу иш шаҳарларда ижара уйда яшайдиганлар учун осон эмас.

3 ёшгача болаларни давлат боғчасига қабул қилишмайди. Қолаверса, мен яшаётган ҳудудда 1-2 йил олдин рўйхатга ёздириб қўйиш керак, хусусий боғчаларга қабул қилишади аммо нарх 1,5 млн сўмдан 4 млн сўмгача. Мен шаҳар жойлар ҳақида ёздим. Қишлоқларда бу нарх минимал 120 мингдан 400 минг атрофида», дейди у.

Охирги вақтлар ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва хабарлар сабабли кўплаб ота-оналар боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик, тарбиячиларнинг эътиборсизлиги ва сифатсиз шароитлардан хавотирга тушмоқда. Бу фақат давлат боғчаларига эмас, балки қиммат хусусий боғчаларга ҳам тегишли.

Боғчаларда, айниқса нодавлат боғчаларда болаларнинг зўравонликка учраши тез-тез кўзга ташланмоқда.

Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалардан бирида актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова Instagram саҳифасига жойлаган видеода хонада болалар қаровсиз қолдирилгани ва икки бола тўқнашиб кетиб, оқибатда актрисанинг қизи йиқилиб, қўлини синдириб олгани тасвирланган эди. Иш вақтида телефонда гаплашиб хонага кириб келган ходим ерда йиғлаб ётган болага эътибор бермаган.

«Ходимлар иш вақтида қўлида телефон билан юришини ва болаларни хонада ҳоли қолдиришини, йиғласа ҳам ёнига келмаслигини, ерда бола йиғлаб ётса бориб ҳеч йўқ турғазиб қўймаслигини энди кўришим. Сизлар туфайли болам 4 ой гипсда юради. Ҳозирги ҳолати жуда асабий…», деган эди актриса.

Facebook саҳифамда ўтказган сўровномамда Гулрух Уразова боласини боғчада қўрқитиб, уришларидан ва буни айтиб келолмаслигидан ҳавотирланишини ёзган. «Шунинг учун хам болаларимни боғчага бермаганман, энг кўпи 2 ой боришган, ундаям 11 ларда олардим», дейди у.

Зарина Ҳамдамова ўғлини боғчада калтаклаб, қўрқоқ қилиб қўйишганини ёзган: «уриб қўрқоқ қилиб қўйишган ўғлимни, лекин ишлайман бермасликни иложи йўқ, баъзида ўзимни ёмон кўриб кетаман берганим учун, инсофли боғча опалар кам», сўз очди у.

Захро Неъматова эса тарбиячи фарзандининг бошига урганини айтиб берди: «Кеча айтиб қолди, тўғриси, роса ичим оғриди. «Янги опой жойимни топиб ўтиролмаганимга бошимга урдию, деб айтди ўзи. Шу тарафлама хавотир оламан».

Сўровномам давомида ижобий фикр билдирганлар, фарзандлари боғчага хурсанд бориб, хурсанд қайтадиганлари ҳам бор. Лекин мен каби ҳавотирда яшайдиганлари ҳам йўқ эмас ва уларнинг бу кабли таҳликасига ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолар ва болалигида ўзлари ҳам боғчада шу каби муносабатга дуч келгани сабаб бўлган. Ёш оналардан бири Шаҳризоданинг айтишича, унга боғча опаси пичоқ ҳам ўқталган. Шу сабаб қизини боғчага беришга қўрқади.

Кунда-кунора чиқаётган бир хабарда тарбиячи болани столга боғлаб қўйгани айтилса, бошқа видеода ёши ҳали учга тўлмаган болани рақсга тушишга мажбурлаб, шафқатсиз калтаклагани акс этган. Ўйлаб қоласан киши: нима ўзбекларни калтакламасдан, урмасдан тарбия қилиб бўлмайдими? Муаммо нимада, маошми ёки психологик фикрлаш ёки иш жойдаги босим?

Боғча тарбиячилари билан суҳбатлашганимла, улар иш фаолияти ўсишига таъсир қилишини айтиб, ўз иш жойи ва исмларини сир тутишимизни исташди.

«Бундай ҳолатлар учрамаслиги, ота-оналар эътирозларини камайтириш учун тарбиячиларнинг маошини ошириши ва гуруҳлардаги болалар сонини 15 тадан оширмаслик лозим. Шунда сифат яхшиланади ва боғчаларда бундай ҳолатлар камроқ учрайди. Тарбиячи ёрдамчиларини ҳам идиш ювиш, хона тозалашдан озод қилиб ўрнига фаррош олиш керак, гуруҳдаги болаларни камайтириш лозим, ҳозир битта гуруҳда 25-30 нафар бола бор. Шунда 2 тарбиячи эплайди. Ойлик жуда кам», — дейди анча йиллик тажрибага эга қўқонлик тарбиячилардан бири.

Тарбиячи сифатида у 2 млн сўм маош олади. Баъзи давлат боғчаларида тарбиячилар болаларга қарашдан ташқари, тозалаш ва ҳатто умумий хўжалик ишларига ҳам жалб қилинади.

«Чунки бир гуруҳда 30-25 нафар бола бор, уларга бир тарбиячи ва бир энага қарайди. Давлат боғчасида ишганимда болаларга қарашдан ташқари, бизни ҳашарга ҳам чиқаришарди. Ундай пайтда бутун болалар тарбиячининг ўзига қолиб кетарди. Қолаверса, энагалар хоналарни ҳам тозалайди. 30 талаб чойшабларни алмаштиради, болаларнинг идишларини ювишади ва хона тозалайди.

Қўпол бўлса ҳам айтаман, баъзи болалар ёзилиб қўйиб, ахлатини девор бўйлаб суриб чиқади. Энг тўғри ечим —гуруҳда болалар сонини камайтириш ҳамда энагаларни хона тозалашдан озод қилиб, ўрнига фаррош учун штат очиш керак. Шунда шунча болани икки киши тарбия қилади, асабийлик ҳам камаяди. Баъзида биз биргина болани эплолмаймиз, чарчаймиз, энди тасаввур қилинг 25-30 нафар болага кун давомида фақат бир киши эплаши керак», дейди у.

Чирчиқ шаҳридаги хусусий боғчалардан бирида ишлайдиган аёлга кўра, ота-оналарнинг талаби ҳам ортиб бормоқда – айримлари мунтазам равишда сурат ва видео юборишни талаб қилишади. Бу эса тарбиячилар учун қўшимча стресс бўлиб, улар болаларга чинакам тарбия бериш ўрнига, бундай талабларни бажаришга мажбур бўлишади.

«Ҳар бир гуруҳда болалар кўп, уларни қамраб олиш тарбиячининг ўзига боғлиқ. Масалан, мен ҳам тарбиячиман ва мени гуруҳимда бола кўп. Энага одатда ёрдамлашмайди, идишларини ювади, у-бу ишини қилиб қўяди ва фақат шу нарсага машғулман, деб ўйлайди. Ўзини вазифасини фақат шу деб билади.

Агар у ёнимда туриб, машғулот ўтганимда озгина ёрдам берса, қамраб олиш педагогнинг ўзига боғлиқ, деб ҳисоблайман. Қизиқарли ўйинлар билан, ҳар хил методикалар билан қамраб олиш керак, мактабда ҳам ишлаганман ва мактабда ҳам шу нарса ҳозир. Тарбиячининг вазифаси касбига меҳр қўйиб, болаларини яхши кўришида деб ўйлайман.

Болани калтаклаш энди у инсоннинг психологиясига боғлиқ, масалан уйдан ёмон кайфиятда чиққан бўлиши мумкин тарбиячи, ишхонадан норози бўлиши мумкин, қайсидир маънода шу тарбиячилар болаларни уриб, «аламимдан чиқдим» деб ҳисоблайдими?

Мен хусусийда ишлайман ва гуруҳимда 30 нафар бола бор: 3 ёш, 4 ёш, 5 ёш. Ҳаммасига қарашга улгура олмайман, шу сабаб няничкамга илтимос қиламан, «мен машғулот ўтганимда илтимос ёнимда тур», деб. Чунки ҳозир кўп ота-оналар «боламизни суратларини юборинг», дейди, мен машғулот ўтаманми ёки ҳамма болани расмга олиб юбораманми? Камера бўлса ҳам алоҳида суратлар юборишимни сўрашади, айниқса индивидуал дарсларда», дейди чирчиқлик тарбиячи.

Тарбиячининг сўзларига кўра, ташкилот томонидан мукофот пуллари, совғалар бериб турилиши, рағбат кўрсатилиши лозим.

«Рағбат яхши бўлиши керак ишхона томонидан ҳам. Тарбиячида ҳам балки шунақа бўлаётган бўлиши мумкин деб ҳисоблайман. Бундай ҳолатларни олдини олиш учун тарбиячиларни ҳам янги методикалар асосида ўқитиш керак, ташкилот ходимлари, бошлиқлари тарбиячига қанақадир пеняларни каттароқ ажратиши, кейин гуруҳга психологик жиҳатдан ҳар хил мотивацияларни бериб, тарбиячини «у ишни қилмабсиз, бу ишни қилмабсиз», деб шикоят қилавермасдан, униям тўғри тушуниши керак. Байрамларда мукофотлар, рағбатлар бериб турилиши зарур деб ҳисоблайман», дейди у.

Психолог Умида Қодирова ўзининг Instagram саҳифасида мурожаат билан чиқиб, бу масалани давлат даражасига олиб чиқилишини сўради. Унга кўра, ҳар бир боғчага ота-оналар жонли кузатиш имкониятига эга бўладиган камералар ўрнатилиши керак.

«Менимча ҳамма блогерлар, ҳамма аудиторияси бор инсонлар чиқиб бир видеомурожаат қилишимиз керак. Эътибор қиляпсизларми, кунора боғчаларда болаларга кўрсатилётган зуғум ҳақида хабарлар чиқяпти. Шахсан ўзимга ҳам Гулистондан ёзди битта аёл: фарзанди калтак еган, баданига игналар тиқилган. Шунақа воқеалардан сўнг оналар фарзандини боғчага беришга шу даражада қўрқиб қолишганки. Боғча опалардан қўрқиб қолишган, бу носоғлом муносабат ва бу давлат даражасида кўриб чиқилиши керак. Яъни, ҳар бир боғчага жонли эфир, ота-онага боласини жонли кузатиб туриш ҳақ-ҳуқуқини бериш керак», дейди у.

У болалар ҳамма нарсани тушуниши, баъзан уларга етказилган зиён ҳақида гапира олмаслиги, қўрқоқ бўлиб улғайишидан ҳавотирланишини айтди. Умида Қодированинг сўзларига кўра, ҳозирдан боғча опаларга психологик ёрдам кўрсатилиши зарур.

«Чунки фарзанд нимжон, фарзанд заиф, баъзилар болаларни «ота-онангга айтиб берсанг унақа қиламан, бунақа қиламан», деган гаплари билан қўрқитиб, гапирадиган болани ҳам гапирмайдиган қилиб қўяди. «Бола-да энди нимани ҳам тушунарди», деб ўйлайди-да баъзи бировлар. Бола жуда ҳам яхши тушунади, уни онг ости ҳамма нарсани ёзиб олади. Лекин ҳозирдан боғча опаларга психологик ёрдам кўрсатилмаса, руҳияти меъёрда бўлмаган инсонлар ишга олинаверса болалар бундан зарар кўраверса, у қўрқиб яшайдиган бўлса эртами кечми биз билмаган ҳолда бизга ҳам бу таъсирини кўрсатишни бошлайди», дейди психолог.

Чирчиқ шаҳри бозорида юрар эканман 20 йилдан ошиқ ўқитувчилик қилган Анора Сайдуллаевага дуч келдим. У тарбиячиларни оғир-босиқ, сабр тоқатли бўлишга чақирди.

«Ўқитувчилар ҳам, тарбиячилар ҳам яхши бўлсин дейди, ёмон бўлсин демайди. Айрим вақтлар болаларда ҳам айб бўлади. Энди баъзан чидай олмаслиги мумкинда ҳар хил тарбиячилар бор, ўзини тута олмайди, шунақалардан чиқади-да. Оғир-босиқ бўлиш керак, сабр тоқатли бўлиш керак ўқитувчи. Тарбиячига қийин бунақа бўлмаса.

Биз ҳам ишлаганмиз, лекин болаларни урмасдик, урганларга ҳам ота-оналар келмас эди, «яхши қилибсиз», дейишарди у вақтлар. Ҳозир қанақа замон билмайман, ота-оналар бизга жабр қилишмаган, болалар ҳам олдимизга яхши кўриб югуриб чиқарди», дейди у.

Юлдуз Абдурашидова тайёрлади.