Данғарада сим ишлаб чиқарувчи 10 млн долларлик завод қуриляпти

10:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Фарғона вилоятининг Данғара туманида мис ва алюмин симлар ишлаб чиқариш бўйича йирик саноат лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга 10 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган.

Dang'arada sim zavodi

Лойиҳа «Осиё кабеллари» МЧЖ томонидан йўлга қўйилмоқда. Унинг доирасида 100 нафар янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу ташаббус юзасидан Тожикистонлик инвестор Шуҳраджон Ашурматов ва унинг ҳамкори Фотима Имомова билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида лойиҳанинг амалга оширилиш босқичлари, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳоким томонидан лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва зарур амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидланди.

Мазкур лойиҳа минтақада саноат салоҳиятини ошириш, ишсизликни камайтириш ва экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйишга қаратилган. Айни пайтда лойиҳани жадал суръатда амалга ошириш учун мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Сим маҳсулотларига ички бозорда ва қўшни давлатларда талаб юқори бўлгани сабаб, лойиҳа келгусида экспорт салоҳиятига эга бўлиши кутилмоқда.