Delta президенти Глен Ҳауэнстайн маълум қилишича, авиакомпания сунъий интеллект асосида чипта нархларини 3 фоиз ҳолатда шакллантирмоқда ва 2025 йил охирига қадар бу кўрсаткични 20 фоизга етказишни мақсад қилган. Тизим ҳар бир йўловчи, парвоз вақти ва рейсга қараб индивидуал равишда нарх таклиф этади, деб ёзмоқда The Verge.
Авиакомпания бу технологияни Fetcherr компанияси билан ҳамкорликда ишга туширган. Ушбу платформа real-time режимда доимий таҳлил асосида нархлар таклиф этади.
Мижозларнинг хулқ-атворини таҳлил қилиб, қанчагача тўлашга тайёр эканини аниқлашни мақсад қилган бу усул кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Айрим сенаторлар ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бунга «хафвли таҳлил», «мияга ҳужум» ва «ғайриинсоний муомала», деб баҳо бермоқда.
Delta аввалроқ ёлғиз сафар қилувчи мижозларга гуруҳларга қараганда қимматроқ нарх таклиф қилгани учун танқидга учраган эди. Компания кейинчалик бу қарорини бекор қилди. Энди эса янги AI тизими орқали ҳар бир мижознинг имкониятига қараб нарх белгилашни янада автоматлаштирмоқда. Айтиш мумкинки, бунда мижознинг ҳаёт тарзи ва харидларига қараб одатдагидан қимматроқ нархда чипталар таклиф этилаётгани маълум бўлган.