Гуржистон «адолатли сайловлар»гача Евроиттифоққа қўшилмайди — Европарламент

08:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Европарламент Гуржистон ҳукуматининг «авторитар йўналиши»ни танқид қилиб, мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлиш жараёни адолатли сайловлар ўтказилмагунча тўхтатилганини маълум қилди. Брюссел расмийлари амалдаги ҳукуматни тан олмаслигини, аммо гуржи халқини қўллаб-қувватлашда давом этишларини таъкидлаган.

Gurjiston

Гуржистондаги сиёсий инқироз 2024 йил октябридаги парламент сайловларидан кейин авж олди. «Гуржистон орзуси» партияси 53,93 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, аммо мухолифат сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаб, тан олмади. 28 ноябрда ҳукумат евроинтеграция жараёнини тўхтатди. Бу эса оммавий норозиликларга олиб келди. Намойишлар қаттиқ куч билан тарқатилди, камида 400 нафар фуқаро қўлга олинди.

Норозиликлар ортидан беш нафар элчи истеъфо берди, 135 дан ортиқ дипломат ҳукумат қарорини қоралаб баёнот имзолади. Миллий банк, Тбилиси шаҳар ҳокимлиги ва Конституциявий суд ходимлари, шунингдек, университет ва мактаблар ҳам норозиликка қўшилди.

2023 йил декабрида Гуржистон ЕИ аъзолигига номзод мақомини олган эди. Бироқ ЕИ дипломатияси раҳбари Кая Каллас 2025 йил февралда намойишчиларга нисбатан куч ишлатишни танқид қилиб, Гуржистон ЕИ талабларини қондирмаётганини айтди.

Шунингдек, Брюссел расмийлари «чет эл агентлар тўғрисида»ги қонун ва жинсий озчиликлар тарғиботига қўйилган тақиқни инсон ҳуқуқларига зид деб баҳолади. Январда Гуржистон ЕИ Парламент Ассамблеясидаги ишини тўхтатди. Кейинчалик ҳукумат 49 мухолифат депутати мандатини бекор қилди ва «чет эл агентлари» тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди.