Илон Маск болалар учун махсус Baby Grok иловасини яратишни бошлади

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Америкалик миллиардер Илон Маск раҳбарлигидаги xAI компанияси болаларга мўлжалланган янги сунъий интеллект иловаси — Baby Grok устида иш бошлади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги маълум қилди.

Elonmusk3

Янги лойиҳа Grok чат-ботининг давоми сифатида ишлаб чиқилмоқда, аммо фақат болалар учун хавфсиз ва назоратдаги контентни тақдим этишга қаратилган бўлади. Маскнинг айтишича, бу дастур болалар аудиториясига мослаштирилган илк сунъий интеллект дастурларидан бири бўлади.

Baby Grok’нинг техник жиҳатлари, ёш чегаралари ёки контент мазмуни ҳозирча ошкор қилинмаган. Компания илованинг қандай ишлаши ҳақида ҳам расмий маълумот тақдим этмади.

Эслатиб ўтамиз, xAI компанияси 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, ўша йилиёқ OpenAIʼнинг ChatGPT’сига рақобат сифатида Grok чат-ботини ишга туширган эди. 2024 йил бошида Grok 4 версияси тақдим этилди ва у ўзининг тезкорлиги, аниқлиги ва мантиқий фикрлаш қобилияти билан ажралиб турган.

Шу билан бирга, Grok ботининг сўнгги фаолияти кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, у айрим миллат, сиёсатчи ва диний қадриятларга нисбатан ҳақоратли баёнотлар тақдим этгани учун Туркияда блокланган.

Маск эса ўз платформаи ҳақида «сензурадан холи, ҳақиқатни айтадиган ва эркин фикрлайдиган» деб таъриф берган. Baby Grok иловаси ана шу тамойилларга содиқ қолган ҳолда, болалар учун хавфсиз муҳитда хизмат қилиши кутилмоқда.