20 июл куни Исроил бош вазири ўзини ёмон ҳис қилганидан сўнг, у ўз уйида Ҳадасса Эйн-Керем касалхонасининг ички касалликлар бўлими раҳбари, профессор Алон Ҳершко томонидан кўрикдан ўтказилди. Ташхисга кўра, Нетаняҳу ифлосланган озуқа истеъмоли натижасида ичак яллиғланишига дучор бўлган.
Қўшимча текширувлардан сўнг бош вазирнинг аҳволи яхши деб баҳоланди. Ҳозирда у сувсизланишни даволаш мақсадида томир орқали суюқлик қабул қилмоқда.
Шифокорлар тавсиясига биноан, Нетаняҳу уч кун мобайнида уйида дам олади ва давлат ишларини шу ердан туриб бошқаради. Унинг иш фаолияти масофавий шаклда давом эттирилиши режалаштирилган.
The Jerusalem Post нашри ёзишича, бош вазирнинг «уйда туриб давлат ишларини юритиши» аслида унинг 22 ва 23 июл кунлари (душанба ва сешанба) бўлиб ўтиши керак бўлган жиноий иш бўйича суд мажлисларига қатнаша олмаслигини англатади.
Нетаняҳунинг адвокатлари якшанба куни кечқурун судга мурожаат қилиб, бу ҳафтага белгиланган гувоҳлик бериш сессиясини расман бекор қилишни сўрашди. Улар бош вазирнинг кўрсатмасини чоршанба кунига кўчириш таклифини билдиришди.
Аммо судлар Исромлда анъанавий таътилга чиқиши муносабати билан жараёнлар кечиктирилиб, энди фақат сентябрда қайтадан бошланиши кутилмоқда. Бу эса Нетаняҳуга қарши суд жараёнида навбатдаги босқични бир неча ҳафтага суришни англатади.