Исроил стратегияси: Мамлакатнинг сиёсий устунликка эга бўлиш учун амалга ошираётган «ўйинлари»

17:00 | 11 дақиқада ўқилади.

16 июл куни Исроил ҳарбий самолётлари Сурия пойтахти Дамашқдаги муҳим объектларга — Мудофаа вазирлиги, Ҳарбий штаб ва Президент саройи атрофига зарба берди. Бу ҳужум оддий ҳаво зарбаси эмас эди — бу аниқ сиёсий стратегиянинг давомидир.

Abraham

Бу ҳужум чегарада эмас, балки мамлакатнинг рамзий марказида амалга оширилди. Расман бу ҳужум друз халқини ҳимоя қилиш деб кўрсатилди. Аммо кенг жамоатчилик бу ҳақиқат эмаслигини айтмоқда. Бу ҳужум на ҳимоя, на хавфсизлик билан боғлиқ эди. Бу куч кўрсатиш ва сиёсий устунликни намойиш қилиш эди.

 

Парчаланиш сиёсати

Бу ҳаракатлар Исроилнинг анча олдин ишлаб чиқилган «парчаланиш доктринаси» асосида олиб борилмоқда. Яъни, Ғазодаги вайроналардан то Дамашқдаги ҳужумларгача бўлган сиёсий режа мавжуд. Бу режанинг асосий мақсади — минтақани заифлаштириш ва уни бўлиб ташлаш.

60 мингдан ортиқ фаластинлик (аксарияти аёллар ва болалар) ҳалок бўлди, 130 мингдан ортиғи яраланди, ҳудуддаги инфратузилманинг 80 фоизи вайрон қилинди. Бундай вазиятда Исроил ўзини озчиликларни ҳимоя қилувчи давлат сифатида кўрсата олмайди.

Ғазо ҳозирда дунёдаги энг йирик очиқ ҳаводаги концлагерга айланган. Аҳоли очлик билан жазоланмоқда. Ғарбий Соҳилда апартеид сиёсати давом этмоқда. Исроилнинг асосий қонунларида эса камситиш қонунийлаштирилган бўлиб, бу каби давлат ахлоқий устунлик даъвосини қила олмайди.

Исроил Сурия друзлари ҳақида ёлғон ташвишлар орқали ўз ниятларини яширишга уринмоқда. Бу оддий ҳарбий зарба эмас эди — бу таҳқирловчи ва рамзий зарба эди.

Исроил бу ҳаракатларни энди яширмай, очиқ айтмоқда. Исроил ташқи ишлар вазири ва ҳарбий шарҳловчиларнинг баёнотлари орқали бу сиёсат расмий тус олган. Улар Сурияни сунъий давлат деб атаб, унинг бўлинишини очиқ тарғиб қилмоқда.

Бу шунчаки фикрлар эмас — бу аниқ сиёсат. Ва у аллақачон амалда.

 

Араб дунёсини бўлиб ташлаш режаси

Бу стратегиянинг илдизлари пайдо бўлганига 70 йилдан ошган. Исроил бош вазири Бен-Гурион томонидан ишлаб чиқилган «Периферия доктринаси» араб дунёсини ичкаридан парчалашга қаратилган. Исроил араб бўлмаган давлатлар билан яқинлашиб, араб мамлакатларидаги этник ва диний зиддиятларни кучайтиришни мақсад қилган.

Бен-Гурион буни қуйидагича изоҳлаган: «Биз кенгайишга йўналтирилган, ҳаракатдаги давлат яратишимиз керак. Ҳеч қандай якуний келишув йўқ — на режим, на чегара, на халқаро шартномалар».

Сурия стратегияда марказий ўринда туради. Сабаби — у Фаластин билан қўшни ва энг кўп аҳолига эга араб давлатларидан бири. Сурияликлар Фаластинни ўз ҳудуди, тарихи ва маданиятининг ажралмас қисми деб билади. Исроил сўнгги йилларда курдлар ва друзлар билан яқин алоқалар ўрнатди — мақсад, Сурия бўлинганда уларни асосий куч сифатида ишлатиш.

 

Кейинги нишонлар: Эрон ва Покистон

Сурия — оралиқ босқич, якуний мақсад эмас. Исроил янада кенгроқ ҳудудларга эътибор қаратаётган бўлиб, булар — Эрон ва Покистондир.

Иброҳим келишувлари тинчлик шартномаси эмас, балки Исроилнинг минтақадаги позициясини нормаллаштириш воситаси. Мақсад — Исроилни минтақанинг иқтисодий, хавфсизлик ва технологик марказига айлантириш.

Исроил молия вазири Бецалел Смотрич бу ҳақда очиқ гапирди: Исроил минтақанинг янги тартибот марказида бўлиши керак ва араб давлатлари Исроилга «ҳимоя» учун тўлов қилиши шарт.

Исроил қанча кенгайса, шунча кўп душман орттиради. Эрон, Туркия ва Покистон энди уни хавф сифатида кўрмоқда. Исроилнинг Ғазо, Дамашқ, Байрут, Сано ва Теҳрондаги ҳаракатлари араб дунёсини бирлаштира бошлади.

Бундай бирлик саммитларда эмас, балки халқларнинг юрагида шаклланмоқда.

Исроил хариталарни ўзгартириши, озчиликларни қўллаб ишлатиши, пойтахтларга ҳужум қилиши ва болаларни оч қолдириши мумкин. Аммо у абадий яшаш йўлини бомбалар орқали топа олмайди. У халқларнинг овозини абадий ўчира олмайди. Ўз келажагини бошқаларнинг харобалари устида қура олмайди.

 

Иброҳим келишувлари

Иброҳим келишувлари — бу 2020 йилда Исроил ва бир нечта араб давлатлари ўртасида АҚШ воситачилигида имзоланган дипломатик битимлар бўлиб, Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатни тубдан ўзгартирган тарихий воқеалардан биридир. Ушбу келишувлар асосида Исроил Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Баҳрайн билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатди. Кейинчалик Судан ва Марокаш ҳам бу ташаббусга қўшилди. Битим 2020 йил 15 сентябрда АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Оқ уйда имзоланди ва бу воқеада АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп муҳим воситачи ролини ўйнади.

Келишувлар «Иброҳим» номи билан аталиши бежиз эмас. Бу ном яҳудийлик, насронийлик ва ислом динлари учун умумий аждод саналган Иброҳим (Абраҳам) пайғамбар номига ишора қилади. Учинчи томон бўлган АҚШ ушбу диний ва маданий умумийликни тинчлик ва ҳамкорлик рамзига айлантиришга ҳаракат қилди. Келишувлар доирасида иштирокчи давлатлар дипломатик элчихоналар очиш, тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, иқтисодий, технологик, илмий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Айниқса, Исроил ва БАА ўртасидаги алоқалар ниҳоятда тез суръатда ривожланиб, савдо ва инвестиция ҳажми қисқа фурсатда кескин ошди.

Ушбу битимларнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, Исроил келишувлар эвазига Ғарбий Соҳилдаги баъзи ҳудудларни аннексия қилиш (яъни ўз ҳудуди сифатида қўшиб олиш) режасини вақтинча тўхтатишга рози бўлди. Бироқ бу қарор Фаластин маъмурияти томонидан ижобий қабул қилинмади. Аксинча, Фаластин раҳбарлари Иброҳим келишувларини қоралаб чиқишди ва уни араб дунёсининг тарихий позициясидан — яъни Фаластин мустақиллиги ва Шарқий Қуддусни пойтахт сифатида тан олиш талабидан воз кечиш сифатида баҳолашди. Улар бу битимларни Фаластин халқининг манфаатларини менсимаслик деб аташди.

Шунга қарамай, бу келишувлар минтақадаги бошқа муҳим геосиёсий куч — Эрон билан боғлиқ хавфсизлик ташвишлари асосида юзага келгани яққол кўринади. Исроил ва араб давлатлари, хусусан БАА, Эроннинг ядровий дастури ва минтақавий таъсиридан хавотирда бўлиб, бу хавфни жиловлашда биргаликда ҳаракат қилишга интилишди. Натижада Абраҳам келишувлари фақат дипломатик эмас, балки хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорликнинг ҳам янги йўлларини очди.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.