Евроосиё барқарорлик ва тараққиёт жамғармаси томонидан эълон қилинган таҳлилга кўра, Марказий Осиё мамлакатларида 2025 йил бошида қайд этилган бюджет профицити иқтисодий барқарорлик учун кафолат эмас. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларида биринчи чоракда давлат бюджети мўътадил даражада фойда билан якунланган бўлса-да, бир қатор ички ва ташқи рисклар сақланиб қолмоқда.
Таҳлилда қайд этилишича, давлат бюджетларининг фойда кўрсаткичи кўп ҳолларда вақтинчалик омиллар — хусусан экспорт нархларидаги ўсиш ва солиқ тушумларининг кўпайиши ҳисобига юзага келган. Бироқ йирик инфратузилма лойиҳаларининг молиялаштирилиши ва ижтимоий харажатларнинг ортиши келгусида бюджетга катта босим олиб келиш эҳтимоли бор.
«Иқтисодий фаоллик пасайиши, инфляцион босимнинг ортиши ва маош ҳамда тарифлар ўсишининг кредитлаш билан бирга келиши иқтисодиётни «қиздириши» мумкин», — дейилади жамғарма хулосасида.