21 июл куни эрталаб Навоий шаҳри ва унинг атрофида яна чангсимон тутун тарқалгани кузатилди. Бу ҳақда «Навоийазот» акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълум қилди.
Корхона мутахассислари Ўзбекистон экологик партияси вилоят кенгаши вакиллари билан ҳамкорликда вазиятни ўрганди. Улар томонидан тутун манбасини аниқлаш мақсадида заводнинг аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига қўшимча видеокузатув камералари ўрнатилди.
Олинган тасвирлардан маълум бўлишича, ҳавода тарқалаётган чангсимон тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ҳудудида қурилган бошқа корхоналардан тарқалаётгани кўринган. «Навоийазот» бу тасвирлар асосида ўзининг ҳаво ифлосланишига алоқаси йўқлигини билдирди.
Шу билан бирга, 13 ва 19 июл кунлари ҳам Навоий шаҳрида шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган ва вилоят экология бошқармаси буни «Навоийазот» фаолияти билан боғлаган эди. Аммо завод мутахассислари ҳаво оқимлари ва видеокузатув ёрдамида ўзларининг бу ҳолатга алоқадор эмасликларини исботлашга ҳаракат қилмоқда.
Экология бошқармаси бу ҳолат юзасидан текширув ишларини якунлаб, қўшимча ахборот тақдим этилишини маълум қилган.