«Ўзбекнефтгаз» сентябрдан АИ-80 бензини ишлаб чиқаришни тўхтатади

12:45 | 3 дақиқада ўқилади.

«Ўзбекнефтгаз» 2025 йил сентябридан АИ-80 бензини ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатади ва 2026 йилдан фақат юқори октанли ёнилғи турларини ишлаб чиқариш ва сотишга ўтади. Бу қарор компаниянинг Хитой билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳалари ва экологияни муҳофаза қилиш стратегияси доирасида қабул қилинди.

Benzin

Мазкур режага мувофиқ, «Ўзбекнефтгаз» ва Хитой Халқ Республикаси 2024 йилда йилига 1 млн тонна АИ-92 ва АИ-95 бензини ишлаб чиқариш бўйича 60/40 улушдаги инвестиция лойиҳасини йўлга қўйган. Лойиҳа Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида (НҚИЗ) амалга оширилади.

Заводда махсус қўшилма — присадка ёрдамида АИ-92 бензини ишлаб чиқариш бўйича тажрибалар ўтказилди. Танланган технология орқали серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу орқали, юқори октанли бензин таннархини пасайтириш кўзда тутилган бўлса-да, аниқ нархлар ҳали очиқланмаган.

2025 йилда Бухоро НҚИЗда жами 1 млн 30 минг тонна бензин ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шундан 487 минг тоннаси АИ-80, қолган 543 минг тоннаси эса АИ-92+ бензинидир. АИ-80 ишлаб чиқариши фақат сентябргача давом этади. Ундан кейин ойига ўртача 90 минг тонна АИ-92+ ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Шу билан, АИ-80 бензини 2025 йилнинг ўзида захиралардан тўлиқ чиқариб юборилади ва 2026 йилдан бозорда фақат юқори октанли бензин турлари қолади. Бу «Ўзбекистон–2030» стратегиясида кўзда тутилган экологик мақсадларга ҳам мос келади.