«Ўзкимёсаноат» АЖ расмий баёнотида таъкидланишича, 19 июл куни Навоий шаҳрида кузатилган чангсимон тутун «Навоийазот» АЖ ҳудудидан тарқалмаган. Компания маълумотларига кўра, корхона атрофини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган 500 дан ортиқ кузатув камералари орқали олинган тасвирларда бу ҳолат яққол акс этган.
Баёнотда келтирилишича, кўтарилган тутун ғарбий ҳудуддан тарқалган ва шамол таъсирида «Навоийазот» устидан ўтиб бутун шаҳарга ёйилган. Шунингдек, компания 19 июл куни соат 7:30-8:00 да ҳаво таркибини текширган ва натижада аммиак аниқланмаганини билдирди.
«Ўзкимёсаноат» томонидан маълум қилинишича, атмосферага водород сулфиди чиққанлиги ҳақидаги маълумот ҳам асоссиз, чунки тиомочевина цехи феврал ойидан бери ишламаяпти. Бундан ташқари, корхонада маҳсулот ишлаб чиқаришда кўмир ишлатилмаслиги сабабли углерод икки оксиди пайдо бўлиши мумкин эмас.
Компания вилоят экология бошқармаси санитар лабораторияси билан ҳамкорликда таҳлил ўтказмаганини, бу жараён ҳақида «Навоийазот» вакиллари хабардор қилинмаганини ҳам маълум қилди. Шу билан бирга, ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва таркибни назорат қилиш учун цехларга автоматик газоанализаторлар ва стационар назорат постлари ўрнатилгани, бу учун 6,2 миллиард сўм сарфлангани қайд этилган.