Самарқанд — Душанбе авиарейслари 7 йилдан сўнг қайта йўлга қўйилди

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2018 йилда тўхтатилган Самарқанд — Душанбе — Самарқанд йўналишидаги мунтазам парвозлар 2025 йил 20 июлдан бошлаб қайта тикланди. Рейслар ҳафтасига икки марта Ўзбекистоннинг Centrum Air авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Samarqand dushanba

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳаво қатнови янада кенгаймоқда. 2025 йил 20 июлдан бошлаб Самарқанд — Душанбе — Самарқанд йўналишидаги мунтазам авиарейслар қайта йўлга қўйилди. Мазкур рейслар 7 йиллик танаффусдан сўнг қайта бошланди.

Парвозлар пайшанба ва якшанба кунлари Centrum Air авиакомпанияси томонидан амалга оширилади. Авиачипталар нархи 608 минг сўмдан бошланиб, уларни kompaniyaning расмий сайти — Centrum-air.com ёки авиакассалар орқали харид қилиш мумкин.

Бу йўналишдаги парвозлар илк бор 2018 йил июлида бошланган, бироқ бир ойдан сўнг, август ойида тўхтатилган эди. Ўшанда парвозлар Tajik Air авиакомпаниясининг график янгиланиши билан изоҳланган, аммо рейслар қайта тикланмаган.

Тошкент — Душанбе — Тошкент йўналишида ҳам 19 июлдан бошлаб рейслар бошланган бўлиб, улар чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Бу рейсдаги авиачипталар нархи 653 минг сўмдан бошланади.

Авиарейслар 2018 йил 9 март куни Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган ҳаво қатнови тўғрисидаги келишув асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, Тожикистон ҳукумати 2025 йил июн ойида «Очиқ осмон» сиёсатига ўтиш ҳақида қарор қабул қилган.

Янги сиёсатга кўра, хорижий авиакомпанияларга нисбатан илгари амалда бўлган рейслар сони ва тарифлар бўйича чекловлар бекор қилинди. Бу эса икки давлат ўртасида авиасалоҳиятни янада ошириш имконини беради.