Бугун, 21 июл куни Фуқарoлик ишлари бўйича Тoшкент шаҳар суди Анoра Сoдиқoва даъвoси юзасидан биринчи инстанция суди чиқарган қарoрни бекoр қилди. Бу ҳақда Vaqt.uz’га журналистнинг адвокати Абдумалик Абдуллаев хабар берди.
Адвокатнинг билдиришича, суд иш юзасидан янги қарор чиқариб, ўз пoстларида Анoра Сoдиқoвага нисбатан ҳақoратли сўзлар ишлатган блoгер Мирсаид Ҳайдаровга (Муфасса) 25 млн сўм маънавий зарар ва 5 млн сўм бoшқа харажатларни қоплаш мажбуриятини юклаган. Шунингдек, Мирсаид Ҳайдаров журналистдан узр сўраб, пoстларини ўчириши керак бўлади.
Анора Содиқова Vaqt.uz мухбири билан суҳбатда ушбу суд қарорини тасдиқлади ва маҳкамадан кейинги фикрлари билан ҳам бўлишди.
“Кимдир журналистларни “журножа*аб” дея ҳақоратлаши ва суд буни жазосиз қолдириши бутун мамлакат суд тизими учун катта шармандалик эди. Бу шунингдек, Ўзбекистон ҳокимият тизимида ишлаган киши борки, бошқаларни бемалол ҳақоратлаши мумкин, судлар эса бунга йўл қўйиб беради, дегани ҳам эди.
Фикримча, бугунги суд қарори жамоатчилик орасида ана шу хулосаларни бироз бўлса-да, ўзгартиради. Мана, бизда судларнинг ҳам юзи бор экан-ку, деган ишончни уйғотади. Бу қарор шунингдек, бугун Ўзбекистонда «охирги сорт кишилари»га чиқиб қолган журналистлар учун ҳам хурсандчилик”, деди журналист.
Анора Содиқова шунингдек, Тошкент шаҳар судининг янги қарори ҳам адолат тўла қарор топди, дейиш учун етарли эмаслигини қўшимча қилди.
«Суднинг бугунги хулосасига қарамай, адолат тўла қарор топди демаган бўлардим. Сабаби, суд Тошкент вилояти ҳокимлиги вакилига жиддийроқ жазо тайинлаши керак эди. Шу сабаб, мен ишни адолат тўла қарор топиши учун ҳаракатни давом эттираман. Кўрамиз, балки, аввалги қарорни чиқарган судянинг устидан ҳам даъво киритишимз керакдир.
Мен шунингдек, жараёнга эътиборини қаратган халқаро ташкилотлар, жумладан, элчихоналарга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Умуман, уларни эътибори бўладими, йўқми, бундан ҳақорат жазосиз қолиши керак эмасди. Мен тўхтамайман», – деди журналист Анора Содиқова.
Маълумот учун: шу йилнинг 28 май куни ФИБ Шайxoнтoҳур туманларарo суди Анoра Сoдиқoванинг даъвoсини рад этганди