Тошкентда 4 киши машина ёниши оқибатида жароҳат олди

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

20 июл куни кечқурун Тошкентнинг Чилонзор туманида Cobalt русумли автомобилда ёнғин содир бўлган. Оқибатда тўрт нафар фуқаро куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Yonib ketgan mashina

20 июл куни соат 22:57 да Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган Кичик ҳалқа йўли кўчасида автомобилда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.

Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 23:05 да айтилган манзилга етиб борган ва соат 23:07 да ёнғин тўлиқ ўчирилган. Ҳодиса жуда қисқа вақт ичида бартараф этилган бўлса-да, одамлар жароҳатсиз қолмаган.

Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Ҳодисага нима сабаб бўлгани бўйича расмий маълумотлар ҳозирча эълон қилинмади. Мутасадди идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини автомобилларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга чақиради. Бу каби ҳолатлар инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдириши мумкин.