Трансафғон темир йўли қурилиши 5 йилда якунланиши кутилмоқда

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни боғлайдиган Трансафғон темир йўли орқали юк ташиш ҳажми дастлаб йилига 3 млн тоннага етса, 2040 йилгача бу кўрсаткич 15–20 млн тоннадан ошиши мумкин.

Temir yo'l

Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервюсида Трансафғон темир йўли лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги иккинчи йирик стратегик ташаббуси ҳисобланади. Бу йўналишда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг амалий қурилиши аллақачон бошланган.

Чориевга кўра, уч давлат — Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида 17 июл куни имзоланган чекланган ҳукуматлараро келишув лойиҳани амалга оширишда муҳим босқич саналади. Ушбу келишув асосида техник-иқтисодий асослаш (ТИА) ишларига киришилади. Жумладан, лойиҳа йўналишини белгилаш, геология ва ер таҳлиллари, иқтисодий ва молиявий баҳолаш ишлари амалга оширилади.

Янги темир йўл Термез–Найбобод–Майдоншаҳр–Лўгар–Ҳарлачи йўналиши бўйича ўтади. Биринчи босқичда 3 млн тонна юк ташиш кўзда тутилса-да, келгусида лойиҳанинг самарадорлиги юқори бўлиши ва янада катта ҳажмда юк ташиш имконияти яратилиши мумкин. Бу Трансафғон коридорини Ўзбекистон учун денгиз портларига олиб чиқадиган энг қисқа ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли йўлга айлантиради.

«Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ТИА ишлаб чиқиш учун буюртмачи сифатида фаолият юритади. Мазкур ҳужжатларнинг тўлиқ тайёр бўлиши дунё ҳамжамиятини жалб қилишда муҳим асос бўлади.

Лойиҳанинг умумий қурилиш муддати 5 йил этиб белгиланган. Унинг дастлабки қиймати 2018 йилда 5 млрд доллар деб баҳоланган бўлса, кейинчалик 2023 йил кузида 7 млрд долларгача қайта ҳисобланган. Қурилиш давлат-хусусий шериклик асосида «қур–бошқар–топшир» моделида амалга оширилиши мумкин.