«Уй, машина ва бошқа мол-мулклар»: банкдан 93 миллиард сўмни «ухлатган» ходимлар гуруҳи фош бўлди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Олий суди 2025 йил 16 июлда бир гуруҳ банк мансабдорларига оид жиноят ишини кўриб чиқди. Улар фиктив омонат ва кредит ҳисоблари орқали 93 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилди.

92 mln

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича тафтиш инстанциясида кўрилган ишда маълум бўлишича, банкнинг Шеробод филиалида ишлаган бир неча мансабдор шахслар умумий жиноий мақсад асосида уюшган гуруҳ тузиб, уйдирма ҳисоб рақамлари очган. Улар орасида бош ҳисобчи, ҳисобчи, кредит инспектори, юрист, IT бўлим бошлиғи ва пластик карта бўлими мутахассиси бор.

Жиноятчилар аниқланмаган шахслар номидан омонат ва кредит ҳисоблари очиб, банк дастури — «iABS» орқали пул маблағларини расмийлаштирган. Кейин бу маблағлар турли банк карталарига ўтказилиб, банкоматлар орқали нақд пулга айлантирилган. Ушбу схема орқали жами 93 миллиард сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган.

Тергов давомида ушбу маблағларнинг бир қисми автомобил, уй-жой ва бошқа мулкларни сотиб олишга йўналтирилгани, айрим мулклар эса учинчи шахслар номига расмийлаштирилгани аниқланган. Шунингдек, аниқлаган зарарнинг умумий суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ эканлиги кўрсатилган.

Суд 2020 йил 2 ноябрдаги Қашқадарё вилоят суди ҳукмини ўзгартишсиз қолдирди. Судланувчиларга 7,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Уларга раҳбарлик ва моддий жавобгарликка эга лавозимларда ишлаш 2,5 йилгача тақиқланган.

Банк вакиллари келтирилган зарар учун суддан солидар тартибда жавобгарлик белгилашни сўраган ва суд бу талабни қаноатлантирган.