Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида янги котибият тузилади

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хорижий сармояларни жалб этишга қаратилган муҳим ташкилий ўзгариш амалга ошмоқда. Президент қарорига асосан, Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида янги котибият ташкил этилди.

Investors

Янги тузилма нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритади. Унинг асосий вазифалари қаторида мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвесторларни жалб этиш ва бу борада тегишли таклифлар ишлаб чиқиш каби йўналишлар белгиланган.

Котибият хорижий инвесторлар билан бевосита мулоқот олиб бориш, лойиҳаларга сармоя жалб қилиш, маҳаллий ва халқаро компаниялар билан маслаҳатлашувлар ўтказишни ўз зиммасига олади. Шунингдек, у Кенгаш фаолиятини давлат идоралари билан мувофиқлаштириб боради.

Ташкилот таркибига халқаро молия институтлари ҳам жалб этилиши кўзда тутилмоқда. Бу билан мамлакатдаги сармоявий сиёсатга халқаро тажриба ва назорат механизмлари интеграция қилиниши мумкин.