ДХХ раиси Кобулда «Толибон» мудофаа вазири билан учрашув ўтказди

22:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбарияти Афғонистон пойтахти Кобулда «Толибон» ҳукумати вакили билан учрашди. Суҳбат чоғида икки мамлакат хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Dxx

22 июл куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида «Толибон» ҳукуматида Миллий мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ёқуб билан музокара ўтказди. Расмий маълумотларга кўра, учрашувда ДХХ раиси ўринбосари Фаррух Мухторов ҳамда чегара қўшинлари қўмондони Салимжон Ҳасанов ҳам иштирок этган.

Томонлар Афғонистондаги мавжуд хавфсизлик вазияти, иқтисодий ислоҳотлар ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган. Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги барқарорлик ва ривожланиш жараёнларини ижобий баҳолаган.

«Миллий мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Афғонистон бўйича халқаро майдонларда Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий позициясини эътироф этди ва икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиб бораётганини қайд этди. Учрашувда томонлар чегара ҳамкорлиги, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа тегишли масалалар юзасидан фикр алмашди», — дейилади расмий релизда.