Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, жорий йилдан бошлаб Республика тез тиббий ёрдам марказининг барча ҳудудий филиалларида «Call-back» (қайта қўнғироқ) тизими жорий этилмоқда. Самарқанд вилояти тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу тизим бутун мамлакат бўйлаб йўлга қўйиляпти.
Хабар берилишича, тизим орқали «103» хизмати томонидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифати юзасидан аҳоли фикри ўрганилиб, хизматлар доимий назорат қилиб борилади. «Call-back» тизими эътирозларнинг сабабини олдиндан аниқлаб, уларни бартараф этиш имконини беради.
«Айни пайтда мазкур тизим орқали «Тез ёрдам» бригадалари фаолияти доимий назорат қилиб бориляпти. Натижада аҳолидан бўлаётган эътирозлар сони аввалги йилларга нисбатан анчайин камайди. Хусусан, ўтган йилнинг май-июн ойларида «103» хизматига жами 783 та ана шундай мурожаат келиб тушган бўлса, 2025 йилнинг айни шу даврида бу кўрсаткич 32,3 фоизга камайиб, 538 тани ташкил этди», дейилади ССВ хабарида.