Эрон нега ўзининг ядро дастуридан воз кечолмайди?
1978 йил октябрда, Эрон инқилоби авж олган бир пайтда, икки етакчи – дунёвий сиёсатчи Карим Санжобий ва диний уламо Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний – Парижда учрашиб, инқилоб келажагини муҳокама қилишди. Санжобий инқилоб икки тамойилга – демократия ва исломга асосланиши кераклигини таъкидлади. Бироқ Хумайний бу ҳужжатга учинчи тамойил – мустақилликни қўшди.
Айнан шу тамойил – Эроннинг суверенитети – ҳозирги ядровий баҳсларнинг асосини ташкил этади.
Эрон нима учун уранни ўзи бойитмоқчи?
Эрон уранни ўз ҳудудида бойитишни истайди. Бу Ғарб назарида яширин ядро қуролини ишлаб чиқишга уриниш сифатида кўрилмоқда. Аслида эса Эрон раҳбарлари уранни бойитиш ҳуқуқини миллий суверенитет рамзи деб билади. Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий ядро қуролини «ғайриисломий» деб эълон қилган бўлса-да, Ғарб буни ҳақиқатдан кўра сиёсий ниқоб деб ҳисоблайди.
2015 йилда Эрон ва Ғарб, хусусан АҚШ ўртасида ядро дастури бўйича JCPOA номли муҳим келишув имзоланди. Бироқ 2018 йилда Доналд Трамп АҚШни бу келишувдан чиқарди ва Эронга нисбатан санкцияларни кучайтирди. Бу Эрон ичида ҳам Ғарбга бўлган ишончни йўққа чиқарди.
Нега Эрон нефтга бой бўлса ҳам ядро энергиясига интилади?
Кўплар савол беради: нефть захиралари бор Эронга ядро энергияси нима учун керак? Жавоб Эрон тарихида. ХIХ-XX асрларда Эрон Ғарб давлатлари, айниқса Британия ва АҚШ томонидан иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан сиқувда бўлган. Нефть ресурслари хориж компаниялари томонидан бошқарилган. 1953 йилда бош вазир Мусаддиқ Ғарб аралашуви билан ҳокимиятдан ағдарилган.
Хумайний ва ундан кейинги раҳбарлар шу тарихий ҳақсизликлардан сабоқ олиб, миллий мустақилликни – айниқса энергия соҳасида – асосий устуворлик деб билди.
Ироник ҳолат шундаки, Эронга ядро технологияси дастлаб Ғарб, хусусан, АҚШ томонидан олиб кирилган. 1970 йилларда шоҳ АҚШ билан ҳамкорликда 23 та атом станцияси қурмоқчи бўлган. Ҳатто Генри Киссинжер ҳам бунга қарши чиқмаган. Бироқ 1979 йилдаги инқилобдан сўнг, Хумайний бу лойиҳани Ғарб таъсирининг тимсоли деб рад этди.
1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши, энергия тақчиллиги ва халқаро таназзуллар туфайли Эрон яна ядровий дастурга қайтди. 1990 йилларда бу борада катта режалар тузилди, олимлар ватанига қайтарилди, хорижий ҳамкорликлар изланди. Дастур миллий ифтихор манбаига айланди. Покистон, Россия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилинди.
2002 йилда Эроннинг баъзи махфий объектлари фош қилинди. Эрон бу объектлар ҳали ишга тушмагани сабабли Халқаро атом энергияси агентлигига билдириш мажбурий эмаслигини айтди. Улар ядро қуролини тарқатмаслик шартномасига кўра тинч ядро технологияси ҳар бир давлатнинг «ажралмас ҳуқуқи» эканини эслатди.
Халқаро босимлар ва дипломатик уринишлар
2003 йилдан бошлаб Эрон дипломатик босимлар остида қисқа муддатли текширувларга розилик берди. 2005 йилдан эса янги президент Аҳмадинажод технологияни миллий ютуқ сифатида эътироф этди. Шундан буён музокаралар давом этмоқда. Ғарб эса ядровий имконият Эроннинг қурол ишлаб чиқариш ниятидан далолат бераётганини таъкидлаб келмоқда.
Эроннинг собиқ президенти Ҳасан Руҳоний шундай деган:
«Биз учун атом энергияси – бу фақат энергия эмас. Бу бизнинг миллий қадр-қимматимиз, ҳурматимиз ва халқ сифатида кимлигимиз масаласидир».
Ядро дастури бугун Эрон учун фақат энергия ёки хавфсизлик масаласи эмас. У мустақиллик, суверенитет, тарихий адолатсизликларга қарши туриш, миллий фахр ва халқаро саҳнадаги мавқе тимсолига айланган. The Guardian нашрига кўра,
«Агар ядровий дастур хавфсизлик ва мустақиллик рамзи бўлса, Эрон раҳбарияти бу йўлда жуда катта – баъзида ўзига зарар етказувчи – нарх тўламоқда».
Меҳриноза Фармонова тайёрлади