Бугунги кунда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида айрим тижорат банклари иккиламчи бозор учун ипотека кредитларини таклиф қилмоқда. Бу кредитлар асосан тайёр уй-жойларни сотиб олишни кўзда тутади. Ҳар бир банкнинг шартлари ўзига хос бўлиб, улар муддат, бошланғич бадал, фоиз ставкаси ва максимал сумма жиҳатидан фарқ қилади.
Масалан, Ипотека-банк 10-20 йил муддатга, 21,99 фоизлик ставка билан 800 млн сўмгача кредит таклиф қилмоқда. Шу банкнинг бошқа бир йўналишида эса ставка 25,99-26,99 фоизгача етиб, миқдори 1,7 млрд сўмгача оширилган. Infinbank ҳам шунга ўхшаш шартларда — 10 йилгача, 23,99 фоиз ставка билан қарз бермоқда.
Асакабанк, Tenge Bank, БРБ, Халқ банки ва Агробанк 10-15 йиллик муддатда, 24,5-25 фоиз атрофидаги фоиз ставкалари билан қарз таклиф қилмоқда. МКБанк ва ЎзСҚБ эса 1,5 млрд сўмгача миқдорда ипотека кредити бериш имкониятини яратган.
Айрим банклар — масалан, Алоқабанк, Трастбанк ва Hamkorbank — энг юқори ставка, яъни 26-27 фоиз билан кредит ажратишмоқда. Шу билан бирга, Ўзмиллийбанк миқдорга чек қўймаган ҳолда 25 ёки 26 фоиз ставкада 10 йилгача муддатда қарз беришини маълум қилган.
Ипотека кредитининг максимал миқдори Тошкент шаҳрида 800 млн сўм, айрим банкларда эса 1,1 ёки 1,5 млрд сўмгача етиши мумкин. Ҳудудларда эса бу кўрсаткич одатда 500 млн сўмдан ошмайди.
Маълумот учун, аниқ шартлар ва кредит талаблари бўйича банкларнинг расмий сайтлари ёки колл-марказларига мурожаат қилиш тавсия этилади.