Жиззахдаги «Зомин технопарки»да 1,2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи доирасида «Зомин технопарки» махсус саноат зонасида амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар билан танишди. Хитойлик сармоядорлар иштирокида бу ерда минглаб иш ўринлари яратилиши ва миллиард долларлик ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюриб, саноат ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқа объектлар билан танишади.
Ўтган йили 27 июнда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қурилиши бошлаб берилган «Зомин технопарки»да бугунги кунда фаол ишлар олиб борилмоқда. Махсус саноат зонаси 400 гектар майдонда жойлашган бўлиб, у ерда Хитой компаниялари иштирокида 1 млрд 200 млн долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда саноат зонасида зарур инфратузилма яратилиб, биринчи лойиҳа — Хитойнинг «Xinjiang Honglin Tiandi» компанияси томонидан қиймати 10 млн долларлик бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Ушбу корхонада 60 нафар ишчи фаолият юритмоқда.
Шунингдек, «Midea» бренди остида маиший электр техникалари ишлаб чиқариш бўйича 42 млн долларлик иккинчи лойиҳа ҳам сўнгги босқичга етган. У ерда йилига 300 минг дона маиший техника тайёрланиб, 150 нафар киши иш билан таъминланади.
Технопаркнинг биринчи босқичида 9 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлса, ҳозирги кунда қиймати қарийб 300 млн долларга тенг бўлган яна 7 та лойиҳа устида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Улар орқали қурилиш материаллари, кимёвий маҳсулотлар, электр жиҳозлари ишлаб чиқарилади, логистика ва ўқув марказлари ташкил этилади.
Умумий ҳисобда барча лойиҳалар амалга оширилганда, йилига 5 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 15 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 70 млн долларлик экспорт имконияти яратилади. Энг асосийси, беш мингдан зиёд фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади.