Марказий Осиё давлатларидаги фуқаролик паспортлари: қайси бири кучлироқ?

13:30 | 6 дақиқада ўқилади.

Сўнгги йилларда дунё бўйлаб фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, визасиз ёки соддалаштирилган тартибда бошқа давлатларга кириш имконияти, яъни паспорт кучи – глобал тенгсизлик ва давлатларнинг геосиёсий мавқеини белгиловчи муҳим кўрсаткичлардан бирига айланди.

Passport uz

Henley & Partners томонидан тузиладиган Henley Passport Index (HPI) — фуқаролик паспортлари орқали қайси давлатлар визасиз ёки оддийлаштирилган тартибда саёҳат қилиш имконини беришини кўрсатадиган халқаро рейтинг. Ҳар йили янгиланадиган бу индекс паспорт эгасининг глобал ҳаракатчанлик даражасини ифодалайди: паспорт кучли бўлса – эгасига имкониятлар кенг бўлади.

2025 йил глобал рейтинги: кучли учлик

  • Сингапур — 195 давлатга;
  • Япония — 193 давлатга;
  • Финландия, Франция, Германия, Италия, Испания, Жанубий Корея — ҳар бири 192 давлатга;
  • АҚШ эса 186 давлатга визасиз ёки чегара пунктида виза билан кириш мумкин.


Марказий Осиё: 5 йиллик паспорт рейтинги
 таҳлили (2021–2025)

Сўнгги беш йил ичида минтақа давлатлари паспортларининг глобал позитсияси аста-секин ўзгариб борди. Қуйидаги таҳлил Henley Passort Index  асосида 2021–2025 йилларда қайд этилган ўзгаришларга асосланган.

Foto passport1
Фото: Прогрессив ислоҳотлар маркази

 

Ўзбекистон

Минтақада энг катта силжишни амалга оширган давлат. 2021 йилда 92-ўринда бўлган Ўзбекистон 2025 йилга келиб 77-ўринга кўтарилди – бу 15 поғоналик сезиларли ўсишдир. Бу натижа Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати, e-visa тизими ва визасиз режимларни жорий этиши билан изоҳланади. Масалан, Таиланд, Сербия ва БАА билан янги имкониятлар очилди.

 

Қозоғистон

Ҳали ҳам минтақадаги энг кучли паспортга эга. 2021 йилда 75-ўринда бўлган паспорт 2022 йилда 68-ўринга чиқди, бироқ 2025 йилга келиб 67-ўринда турибди. Сўнгги йилларда ўсиш суръати секинлашган бўлса-да, Қозоғистон илгари сурилган позициясини сақлаб қолмоқда.

 

Қирғизистон

Барқарор ўсишга эришган. 2021 йилда 86-ўринда бўлган Қирғизистон 2025 йилга келиб Ўзбекистон билан бир хил — 77-ўринга чиқди. Бу юксалиш давлатнинг халқаро визавий келишувлар борасидаги фаоллигини кўрсатади.

 

Тожикистон

2021 йилдан 2024 йилгача рейтинги 90-ўриндан 81-ўринга кўтарилган бўлса-да, 2025 йилда 84-ўринга тушган. Бу пасайиш сўнгги йилларда янги визасиз режимлар жорий этилмаганидан далолат беради.

 

Туркманистон

Минтақада энг ёпиқ визавий сиёсат юритаётган давлат. 2021 йилда 96-ўринда турган паспорт 2025 йилга келиб 89-ўринга чиқди. Бу 7 поғоналик суст ўсиш бўлиб, 2023 йилдан бери деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Паст кўрсаткич давлатнинг ташқи очиқлиги даражаси яхши эмаслигидан дарак беради.

 

Йиллик рейтинг ўзгаришлари: 2021–2025

  • Ўзбекистон – +15 поғона;
  • Қирғизистон – +9 поғона;
  • Қозоғистон – +8 поғона;
  • Туркманистон – +7 поғона;
  • Тожикистон – +6 поғона (2025 йилда пасайиш билан).

Марказий Осиё давлатларининг паспорт кучи ўсмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон халқаро рейтингда жадал ўсишга эришмоқда. Қозоғистон етакчи позицияни сақлаб қолмоқда, бироқ суръат пасайган. Тожикистон ва Туркманистон эса глобал ҳаракатчанлик рейтингида орқада қолмоқда. Умуман олганда, минтақа глобал очиқликка интилмоқда, бироқ бу йўлдаги тараққиёт ҳар бир давлатда турлича кечмоқда.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.