Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. 2025 йил июл ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев икки давлат ўртасидаги кенгайтирилган иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани имзолаб, уни расман ратификация қилди. Ҳужжат аввалроқ Қозоғистон парламенти томонидан маъқулланган эди.
Мазкур шартнома сиёсат, иқтисодиёт, энергетика, транспорт ва агросаноат соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга оширишни назарда тутади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида қўшма корхоналар ташкил этиш ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, бу келишув глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидлар ортиб бораётган бир шароитда алоҳида аҳамият касб этади. Икки давлат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилгача 3 миллиард долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.