21 июл куни бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбарига хорижий шериклар билан амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ахборот берилди. Жумладан, Озарбойжоннинг SOCAR компанияси билан Устюрт ҳудудида нефть қидириш ва қазиб чиқариш, геология-қидирув ишларини биргаликда олиб бориш бўйича келишувга эришилгани ҳам хабар қилинган.
Шу билан бирга, мураккаб конларни ўзлаштириш, тармоқни рақамлаштириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Президент ҳозирги лойиҳаларни тезкорлик билан амалий босқичга ўтказиш ва тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев амалдаги хорижий ва қўшма корхоналарда бурғилаш самарадорлигини ошириш, қудуқларни фаол эксплуатация қилиш ҳисобига нефть ва газ ҳажмини кўпайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, газ захираларини тўплаш ва энергия етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш чоралари муҳокама қилинди.
Айни пайтда Талимаржонда 1065 MW, Сирдарёда эса 1573 MW қувватга эга янги парогаз ва иссиқлик электр станциялари қурилиши кетмоқда. Ушбу лойиҳалар йилига 20 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Шу билан бирга, йил охиригача Тошкент, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 162 MW умумий қувватга эга бир неча янги ГЭС ишга туширилиши режалаштирилган. Бу объектлар йилига 648 млн kWh энергия ишлаб чиқаради.