Молиявий «зобитлар» – 2025 йилда дунё захираларини кимлар назорат қилмоқда?

20:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Жаҳон иқтисодиёти беқарорлашаётган бир пайтда, валюта ва олтин захиралари давлатлар учун стратегик муҳофаза воситасига айланмоқда. Global Firepower’нинг 2025 йилги рейтингида молиявий барқарорликни таъминлашда етакчи ўнта давлат номи эълон қилинди.

Gold

Жаҳон молия бозорларидаги беқарорлик, геосиёсий келишмовчиликлар ва товарлар нархидаги ўзгаришлар мамлакатларнинг захира сиёсатига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Валюта ва олтин захиралари эса айни дамда иқтисодий суғурта вазифасини бажармоқда.

Global Firepower’нинг 2025 йил учун эълон қилинган рейтингига кўра, дунёдаги энг йирик захираларга эга ўнта давлат орасида Хитой биринчи ўринни эгаллаб, 3,45 трлн долларлик захирага эга бўлган. Унинг ортидан Япония ($1,295 трлн) ва Швейцария ($863,89 млрд) қайд этилган.

Бу каби захиралар давлатларга ўз миллий валюталарини барқарор ушлаш, ташқи қарз мажбуриятларини қоплаш ва зарур маҳсулотларни импорт қилиш имконини беради. Айниқса, иқтисодий инқироз, пандемия, уруш ёки хомашё нархларининг кескин тушиши каби мураккаб вазиятларда бу захиралар миллий иқтисодиётни барқарор ушлаб туришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Топ-10 ликка АҚШ ($773,42 млрд), Ҳиндистон ($627,79 млрд), Россия ($597,21 млрд), Тайван ($492,63 млрд), Саудия Арабистони ($457,95 млрд), Жанубий Корея ($420,93 млрд) ва Сингапур ($359,83 млрд) ҳам киритилган.