Нефт нархи учинчи кундирки пасаймоқда. АҚШ ва Европа эса ҳали ҳам келиша олмаяпти

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Нефт бозоридаги беқарорлик тобора кучаймоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо келишувлари бўйича музокаралар мураккаблашгани иқтисодий ўсиш суръатларига таҳдид солмоқда. Бу эса ёқилғига бўлган талабни камайтирши мумкин, деб ҳисобламоқда таҳлилчилар.

Neftd

2025 йил 21 июл, сешанба куни Brent маркали нефт нархи учинчи кун кетма-кет пасайди ва 68,72 долларга тушди. АҚШдаги West Texas Intermediate (WTI) нефти эса 0,9 фоизга арзонлаб, 66,60 доллардан савдога чиқди. Август ойи учун мўлжалланган фьючерслар муддати якунланаётгани боис, сентябр ойидаги фаол шартнома ҳам 0,7 фоизга пасайиб, 65,48 долларни ташкил қилди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, нефт нархларининг уч кунлик узлуксиз пасайиши, асосан, АҚШ ва унинг савдо ҳамкорлари ўртасидаги музокаралар атрофида кескинлик ортгани билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, агар 1 августгача келишувларга эришилмаса, АҚШ маъмурияти 30 фоизлик тарифлар жорий этада.

Европа Иттифоқи эса, ўз навбатида, АҚШга нисбатан кенгроқ жавоб чораларини кўриб чиқмоқда. Европа дипломатларининг сўзларига кўра, Вашингтон билан ўзаро манфаатли келишувга эришиш истиқболлари сўнмоқда.

Бозорда долларнинг заифлашиши нефт нархи пасайишини бироз чеклаган. Чунки бошқа валюталарда тўлов қилаётган харидорлар учун нефт нархи нисбатан арзонроққа тушмоқда.