Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Зомин туманида қурилаётган маиший техника заводини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Бу йўналиш бўйича юртимизда катта салоҳият бор. Давлатимиз раҳбари бу суръатни давом эттириб, миллий брендлар остида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Ўзбекистонни минтақавий “электротехника хаби”га айлантириш вазифасини қўйган», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Зоминдаги завод бунинг бир қисми бўлади.
Муҳими, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 320 миллион доллар бўлади. Шундан 140 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади. 7 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланади.
Саноат паркида тайёрланган маҳсулотлар Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон сингари 15 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинади.
Ҳозирги ўзгарувчан бозор талабларига тез мослашиш учун заводнинг ўзида қолипхона ҳам ташкил этилади. Замонавий логистика маркази орқали маҳсулотлар харидорга изчил етказиб берилади.
Бундан ташқари, саноат паркида «Автосаноат» АЖ таркибидаги корхоналар учун пластмасса маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган. «Навоий» махсус саноат паркининг филиали сифатида ташкил этилган мажмуа 80 гектарда жойлашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар. Бу ерда кир ювиш машинаси, совуткич, телевизор, электр сув иситкич каби йилига 1 миллион дона маиший техника ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. 100 турдаги маҳсулотлар натижасида маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етади.
Бундан ташқари, саноат паркида «Автосаноат» АЖ таркибидаги корхоналар учун пластмасса маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган.