Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида ЯИМ 7,2 фоизга ўсган. Бу ўтган йилнинг шу даврида қайд этилган 6,6 фоизлик кўрсаткичдан анча юқори. Шу билан бирга, инфляция даражаси 4,2 фоизни ташкил этди, бу эса ўтган йилги 5,2 фоиздан паст кўрсаткич ҳисобланади.
Аҳолининг реал умумий даромадлари эса ўтган йилнинг шу давридаги 11,9 фоиз ўрнига 9,5 фоизга ўсган. Бу эса даромадлар ўсиши суръати секинлашаётганини кўрсатади. Иқтисодиётдаги ўсишга қарамай, бу кўрсаткич аҳоли фаровонлигида бирмунча салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Саноат соҳасида эса жисмоний ҳажм индекси 6,6 фоизни ташкил этди, бу 2024 йилнинг шу давридаги 7,8 фоизлик кўрсаткич билан солиштирилганда пасайишни англатади. Қурилиш соҳасида эса барқарор ўсиш кузатилмоқда — 10,1 фоиз ўрнига 10,7 фоиз.
Қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик соҳаларида 4 фоизлик ўсиш қайд этилган бўлса, чакана савдо 9,7 фоиз, чакана хизматлар 13,3 фоиз ва йўловчи ташиш 6 фоизга ўсган. Бироқ юк ташиш ҳажми сезиларли даражада пасайиб, 4 фоиз ўрнига 1,8 фоизни ташкил этди.
Ташқи савдо айланмаси 16,1 фоизга ошган. Экспортдаги ўсиш 6,2 фоиздан 29,2 фоизгача ортган, бу эса асосан олтин ва хизматлар экспорти ҳисобига содир бўлган. Импорт ҳажмида эса ўсиш 7 фоизни ташкил этган — бу ўтган йилга нисбатан анча секин суръатдаги ўсиш ҳисобланади.