Унинг сўзларига кўра, томонлар бозорга кириш масалалари бўйича протоколни имзолаган ва бу тарихий жараёнда яна бир муҳим босқичдир. Швейцария — Ўзбекистон бу борада келишувга эришган 25-давлат бўлди.
Азизбек Ўрунов ўз баёнотида: «Узоқ рўйхат якунланди, энди орқага ҳисоб бошланди!» — деб қайд этди. У, шунингдек, узоқ музокаралар давомида фаол ишлаган ўзбек ва швейцария делегациялари ишига миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш жараёнида ҳозиргача 33 давлат билан икки томонлама музокаралар ўтказган бўлиб, шундан 24 та билан келишувларга эришилгани аввалроқ хабар қилинганди. Энди эса, Швейцария билан ҳам келишувга эришилгани билан, бундай давлатлар сони 25 тага етди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати жорий йил охиригача қолган 8–9 давлат билан ҳам музокараларни якунлашни мақсад қилган. Май ойида эса Буюк Британия билан музокаралар якунланиб, баённома имзолаш 12 июн куни Женевадаги ишчи гуруҳ йиғилишида амалга оширилиши маълум қилинган эди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлиқ аъзо бўлиши учун икки томонлама келишувлар тўлиқ якунланиши зарур. Ҳозирда бу йўналишдаги фаолият изчил давом этмоқда ва томонлар дунё бозорига интеграцияни кучайтиришга интилаётганини кўрсатмоқда.