Ўзбекистон ташқи савдосида барқарор ўсиш: импортда Хитой таъсири кучаймоқда

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 37 млрд долларга етди. Экспорт 16,9 млрд доллар, импорт эса 20,1 млрд долларни ташкил этди.

Tashqi qarz

Иқтисодчи Миркомил Холбоев маълум қилишича, ташқи савдо тафовути 3,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 млрд долларга камайди. Июн ойида экспорт ўтган ойга нисбатан 16,9 фоизга ўсди. Бироқ, олтин экспорти деярли тўхтаган: ой давомида бор-йўғи 13,4 млн долларлик олтин сотилган. Энергия товарлари экспорти ҳам секинлашди. Шу билан бирга, олтинсиз экспорт 16,1 фоизга, олтин, энергия ва хизматларсиз экспорт эса 15,8 фоизга ўсди.

Май ойи билан таққослаганда, июнда экспортда олтинсиз таркибий ўсиш сезиларли бўлди. Майда бундай экспорт 9,6 фоизга ўсган бўлса, хизматлар ва энергиясиз экспорт аксинча 1,1 фоизга пасайган эди. Бу тенденцияда ишлаб чиқариш асосидаги экспорт улушининг ошиши кузатиляпти.

Июн ойида импорт 25,1 фоизга ошди. Май ойида бу кўрсаткич 6,5 фоиз бўлган. Импортдаги бу ўсишга асосий сабаб — Хитойдан келаётган товарлар ҳажми кескин ортиши. Хусусан, Хитойдан олиб кириш ҳажми 52 фоизга кўпайган. Бу АҚШнинг янги тариф сиёсати ва глобал савдо урушлари фонида юз бермоқда. Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Ҳиндистондан олиб кирилаётган маҳсулотлар ҳам сезиларли даражада кўпайган.

Экспорт йўналишида Россия (20,3 фоиз), Афғонистон (15,5 фоиз), Қозоғистон (17,4 фоиз) ва БАА (2,3 баробар) каби мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Аммо Хитой, Туркия ва Қирғизистонга экспорт миқдори пасайган. Хусусан, Туркияга экспорт беш ойдирки, узлуксиз камаймоқда.