Ўзбекистонда энг кўп қайси автомашина ишлаб чиқарилгани маълум қилинди

19:30 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги автосаноат корхоналари томонидан 185 мингдан ортиқ енгил автомашина ишлаб чиқарилган.

Cobalt

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–июн ойларида йирик автосаноат корхоналари томонидан 185 622 дона енгил автомашина (махсус енгил автомобиллардан ташқари) ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Моделлар кесимида Cobalt русуми 73 102 дона билан энг кўп ишлаб чиқарилган автомашина бўлди. Иккинчи ўринда 45 992 дона билан Damas автомодели қайд этилган. Учинчи ўрин эса 22 847 дона Tracker моделидан тўғри келган.

Шунингдек, Onix автомобили 17 249 дона, KIA — 11 763 дона, Chery — 4 131 дона, Haval — 3 538 дона миқдорда ишлаб чиқарилган. Электромобиллар ишлаб чиқарувчи компаниялар орасида BYD 7 000 дона маҳсулот билан эътиборга тушган.

Бундан ташқари, алоҳида категория сифатида 23 351 дона махсус енгил автомобиллар ҳам ишлаб чиқарилгани маълум қилинди. Бу рақамлар Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми ўсишда давом этаётганини кўрсатади.