Ўзбекистонда никоҳдан ажралишлар сони ошди

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда никоҳдан ажралишлар сони ўтган йилга нисбатан кўпайгани, никоҳлар эса камайгани маълум бўлди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шаҳарларда ажралишлар сони қишлоқларга қараганда анча юқори.

Ajrashish

Миллий статистика қўмитаси 2025 йилнинг январ–июн ойларидаги демографик ҳолат бўйича маълумотларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакат бўйича 23,3 мингта ажралиш ҳолати қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 800 тага кўп.

Ажралишларнинг асосий қисми — 14,1 минг ҳолат ёки 60,6 фоизи шаҳар жойларда содир бўлган. Қишлоқ ҳудудларда эса 9,2 мингта (39,4 фоиз) ажралиш қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (1,5 минг), Тошкент вилояти (1,2 минг) ва Фарғона вилояти (1,2 минг) ажралишлар сони бўйича юқори ўринларни эгалламоқда. Энг кам ажралиш эса Навоий вилоятида рўй берган — 310 та.

Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 95,3 мингта никоҳ қайд этилган. 2024 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 97,4 мингни ташкил этган эди, яъни 2,1 мингтага камайган.

Никоҳларнинг 51,1 фоизи — 48,7 мингтаси шаҳар жойларда, 48,9 фоизи — 46,6 мингтаси эса қишлоқ ҳудудларда тузилган.